Афғонистонда Абу Райҳон Берунийнинг қабри бутунлай йўқолиб кетиш хавфи остида турибди

Қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг қабри Афғонистонда қаровсиз аҳволда ётибди. Бу ҳақда, Бобур халқаро жамоат фонди раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зокиржон Машрабовга асосланиб, «Маънавий ҳаёт» журнали маълум қилди.

Daryo.uz сайтининг ёзишича, Абу Райҳон Берунийнинг қабри Афғонистонда қаровсиз ётибди, Ён-атрофдаги экинзорга қўшилиб кетиш хавфи бор. «Тез фурсат ичида унинг атрофини ажратиб, қабр устига сағана ва мақбара қурилмаса, қабр бутунлай йўқолиб кетиши мумкин», — дейди Зокиржон Машрабов.

Зокиржон Машрабовнинг қўшимча қилишича, Афғонистоннинг Ишкашим манзилгоҳида Бобораҳим Машрабнинг қабри харобага айланган лойсувоқ уй ичида қолган, Мирзо Улуғбекнинг таниқли шогирди Али Қушчининг Истанбулдаги қабрини ҳам обод қилиш керак, «чунки у юзлаб қабрлар ичида қисилиб ётибди».

«Бу ишларнинг барчасига улгуриш ва амалга ошириш учун умрнинг ҳар дақиқасини ғанимат билиб, олға интилиш, изланиш керак. Чунки вақт олтинга тенг, бугунги кун эртага тарихга айланади. Тарих саҳифаларига арзийдиган ишларни қила олиш Бобур халқаро жамоат фонди ва илмий экспедицияси аъзоларининг доимий мақсадидир», — дейди Зокиржон Машрабов.

Маълумот учун, Абу Райҳон Беруний 973 йил Хоразмнинг Кат шаҳрида (ҳозирги Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний шаҳри) туғилган бўлиб, XI асрнинг машҳур қомусий олимларидан бири ҳисобланади. Берунийнинг 152 асари маълум бўлиб, ҳозирги давргача унинг фақат 30 таси етиб келган.

Жами асарларининг 70 таси астрономияга, 20 таси математикага, 12 таси география ва геодезияга, 4 таси минералогия, 1 таси физикага, 1 таси доришуносликка, 15 таси тарих ва этнографияга, 4 таси фалсафага, 18 таси адабиётга бағишланган. У 50 ёшида санскрит тилини ўрганган, бундан ташқари, форс, араб, яҳудий, грек тилларини ҳам биларди.

Беруний ўзининг «Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш» китобида ҳозирги Америка қитъасининг мавжудлигини испан ва португал денгиз сайёҳларидан бир неча аср аввал илмий асослаб берган.