Афғонистонда Ўзбекистондан етказиб берилаётган электр таъминоти инфратузилма объектлари жангарилар нишонига айланган

Афғонистон шимолида жангарилар электр таъминоти инфратузилмасини ишдан чиқариши оқибатида Кобул ва шимолдаги бир қатор туманлар электрсиз қолмоқда. Бу ҳақида “Подробно.uz” сайти хабар тарқатди. Ушбу инфратузилма объектлари орқали Ўзбекистондан электр энергияси етказиб берилади.

De Afghanistan Breshna Sherkat — Афғонистон миллий энергия компаниясининг маълум қилишича, толиблар электр етказиб бериш линиясининг биттасини бутунлай ишдан чиқарган, иккинчисини ҳам вайрон қилишни режалаштиришмоқда.

Энергетика ва сув таъминоти вазирлиги матбуот хизматининг айтишича, 5 миллион нафарга яқин аҳоли узоқ муддатга электрсиз қолиб кетди. Бу мамлакатнинг ҳар олти нафар аҳолисининг бири деганидир.

“Нима қила олишимиз мумкин? Иложсизмиз. Барча муаммо мамлакатдаги инфратузилма объектларининг етарли даражада хавфсизлиги таъминланмаётганлигидадир. Агар электр тармоғи линиялари ўтган ҳудудларда хавфсизлик таъминланмас экан, биз ҳам, энергетика компанияси ҳам ўз кучи билан буни эплай олмайди”, деди матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, электр энергияси линиялари ўтган ҳудудлар миналаштирилган бўлиши мумкин. Ҳатто таъмирлаш ишларидан сўнг ҳам бундай ҳолатлар такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Жамоатчилик босими ва кўп сонли шикоятлардан сўнг мамлакат мудофаа вазирлиги ушбу масалада тегишли чора кўрилишини маълум қилган. Лекин амалий қадам қачон ташланиши номаълум.