Барак Обама: Ислом Америка жамиятининг бир бўлаги

АҚШ президенти Барак Обама Балтимор шаҳрининг бош масжидига ташриф буюрди. Бу унинг 8 йиллик президентлиги даврида АҚШдаги масжидларга амалга оширган илк ташрифи бўлди.

“Биз мураккаб замонда яшамоқдамиз. Мусулмонлар ҳам дунёдаги бошқа динлар вакиллари каби терроризм таҳдиди остида қолган. Биз сизнинг мусубатингизга шерикмиз. Сизнинг жамиятингиз террорчилар ислом дини номидан ҳаракатланиши туфайли икки баробар кўп жабр чекмоқда. Шу туфайли мамлакатдаги баъзи тоифалар сизнинг жамаонгизга ўзгача муносабат кўрсатишмоқда, бу эса жуда оғриқли муаммодир”, деди у ўз нутқида.

Кун аввалида Обама Америка мусулмонлари жамияти раҳбарлари билан учрашди, унда АҚШдаги жамоат арбоблари, шифокорлар, талабалар, Қуръон билимдонлари ҳам иштирок этганди.

Қайд этиш керакки, Обама хорижий сафарлар вақтида бир неча масжидларга ташриф буюрган, бироқ у АҚШда бу ишни илк марта амалга оширди.

Маълумот учун, Балтимордаги мусулмон жамияти АҚШдаги энг йириги ҳисобланади. Шаҳарда ислом динига эътиқод қилувчи минглаб оилалар яшайди. Обаманинг масжидга ташрифи жорий президентлик кампаниясида аксилисломий чиқишларнинг кўпайгани билан боғланган.

АҚШ президенти Барак Обама мусулмон ота-оналар ва уларнинг фарзандлари эътиқоди туфайли қўрқувда яшаётганига урғу қаратди. Президент Ислом дини Америка жамиятининг бир қисми эканини эслатиб ўтди.