Давлат рақобат қўмитаси Ўзбекистондаги йирик компанияга нисбатан иш қўзғатди

Буюк Британиянинг “ Vilammy LP” компанияси мурожаати асосида Давлат рақобат қўмитаси томонидан поршенли насос агрегатларини етказиб бериш бўйича “Навоий ТМК” давлат корхонаси томонидан ташкил этилган тендер савдоларида монополияга қарши қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолати бўйича иш қўзғатилди.

Қўмита матбуот хизматининг хабар беришича, иш “Рақобат тўғрисида”ги Қонунинг 14 моддасига асосан, яъни НТМК томонидан “ Vilammy LP” компаниясини тендер савдоларидан асоссиз четлаштирилиши ҳолати бўйича қўзғатилди.

Ушбу қўзғатилган ишни кўриб чиқиш жараёнида, буюртмачининг ходимларидан тузилган баҳоловчи гуруҳ юқорида номи кўрсатилган тендер савдолари иштирокчиларининг берган таклифини муҳим аҳамиятга эга бўлмаган фарқланишлар асосида тендер ҳужжатлари талабларига мос келмаслиги ҳақида хулоса берилганлиги ва ушбу хулоса асосида тендер савдолари иштирокчиси тендер савдоларида қатнашишда кейинги босқичга ўтказилмаганлиги аниқланди.

Ушбу кўрсатилган вазият тегишли ваколатга эга бўлган давлат органи хулосаси асосида тасдиқланган.

Шу билан бирга, айнан шу баҳоловчи гурух томонидан тендер савдоларининг бошқа иштирокчисининг таклифи ҳам кўриб чиқилган бўлиб, унинг тақдим этган ҳужжатлари ва тендер ҳужжатлари шартлари орасидаги фарқлар юқоридаги иштирокчининг таклифидаги фарқланишларга нисбатан муҳимроқ эканлигига қарамасдан ушбу иштирокчининг ҳужжатларини кейинги босқичда иштирок этиш учун ўтказилган.

Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида, НТМК томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузилган деган хулосага келинди.
Натижада, НТМК томонидан юқоридаги тендер савдолари бекор қилинди ва қайтадан тендер ўтказиш ҳақида эълон берилди.

НТМКнинг ушбу ҳолатга йўл қўйган масъул ходимлари ўрнатилган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди.