Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Хорижий инвестициялар ва савдо бўйича кенгаш тузишни режалаштирмоқда

Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон 2016 йилнинг биринчи ярмида Хорижий инвестициялар ва савдо бўйича кенгаш тузишни режалаштирмоқда. Бу ҳақида Европа Иттифоқи делегацияси раҳбар-элчиси Юрий Штерк журналистларга маълум қилган.

ЕИ элчисининг айтишича, ушбу кенгашнинг тузилиши Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техника соҳаларда манфаатли ҳамкорлигини кенгайтириш имкониятини беради.

“Янги тузилмани ташкил қилиш жуда мураккаб иш. Ҳозирги кунда томонларнинг ҳамкорлиги учун ҳукуматлараро тузилмалар фаолият юритмоқда. Уларнинг бири-бирини такрорлаши мақсадга мувофиқ эмас. Ушбу ғоянинг мақсади шундаки, кенгаш доирасида конкрет муаммоли масалаларни, Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича таклифларни, шунингдек, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Европа Иттифоқи мамлакатларида дуч келаётган муаммоларни ҳал қилишга оид масалаларни муҳокама қилиш кўзда тутилмоқда”, деди Штерк.

Унинг сўзларига кўра, тарафлар узоқ вақт мобайнида ушбу экспертлик платформасининг ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда форматини аниқлаш бўйича музокара олиб борди. Натижада томонлар ўзаро муносабатларда бирмунча содда ва енгил мулоқот платформасини яратиш, бунда турли бюрократик тўсиқлардан қочиб, амалий ечимга урғуни кучайтиришга келишиб олишди.

Ҳозирча янги тузилманинг номи шартли асосда танланган бўлиб, истиқболда ўзгариши мумкин. Энг муҳими, тадбиркорлар ва Ўзбекистон ҳамда Европа Иттифоқи ҳукуматлари ўртасида самарали мулоқот механизмини ўрнатишдир.

Юрий Штерк кенгашнинг илк мажлиси 2016 йилнинг биринчи ярмида Тошкентда бўлиб ўтишига умид билдирди.