Европа Иттифоқи Ўзбекистонда қишлоқларни ривожлантиришга қаратилган махсус дастурни амалга оширишга киришди

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда қишлоқларни барқарор ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус дастурни амалга оширишга киришди. Бу ҳақида Uzdaily.uz сайти хабар тарқатди.

Дастурнинг мақсади Европа мамлакатларининг агросаноат технологиялари соҳасидаги тажрибаларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, фермерларга ва тадбиркорлик субъектлари орасида оммалаштириш ҳисобланади.

Дастурнинг бюджети 9,3 миллион еврони ташкил қилади. Ушбу дастур 6 йил давомида амалга оширилади. У Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида бажарилиши кутилаяпти.

Ушбу дастур ижросида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Франция қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқни ривожлантириш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш агентлиги, Италия чорвадорлари ассоциацияси ҳамда Болгариянинг тадбиркорлик ва тараққиёт бўйича маркази иштирок этади. Дастур Европа Комиссияси томонидан молиялаштирилади.

Дастур учта асосий йўналишни қамраб олади. Европа мамлакатларининг қўшилган қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш соҳасидаги тажрибасини оммлаштириш, иқтисодий фаолият иштирокчиларининг билим ва кўникмаларини янада юксалтириш ҳамда такомиллаштириш, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантиришни режалаштириш борасидаги малака ва тажрибасини оширишни кўзда тутади.

SHARE