Жанубий Кореяда 15 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда

2007 йилдан бери 22,5 минг нафардан ортиқ ҳамюртларимиз Корея Республикаси корхоналарида иш билан таъминланган, ҳозирги кунда 15,1 минг нафардан зиёд ўзбекистонликлар ушбу мамлакатда меҳнат қилаётир. Бу ҳақида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Меҳнат вазирлиги ўртасида ишчиларни ушбу мамлакатга юбориш тўғрисида 2006 йилда имзоланган Англашув меморандумига мувофиқ Кореяда ишлашади.

Корея Республикасида ишлашнинг асосий талабларидан бири корейс тилини билиш ҳисобланади. Номзод 18 ёшдан 39 ёшгача бўлиши, судланмаган, ушбу давлатдан депортация қилинмаган ҳамда мамлакатимизда хорижга чиқиши чегараланмаган бўлиши зарур. Мазкур талабларга жавоб берадиганлар корейс тили бўйича тест синовида қатнашиши мумкин. Шуни айтиш жоизки, корейс тилидан тест синови учун рўйхатдан ўтиш ҳамда унда иштирок этиш оммавий ахборот воситаларида ҳамда агентликнинг www.migration.uz сайтида аввалроқ эълон қилинадиган жой ва муддатда ўтказилади.

Номзод корейс тили бўйича тест синовидан муваффақиятли ўтгач, белгиланган тиббиёт муассасасида тиббий кўрикдан ўтади. Шунингдек, паспорт, унинг иккита нусхасини, давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қилади ҳамда агентликда ариза тўлдиради. Шундан сўнг, анкета маълумотлари Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматига топширилади ва номзодларни саралаб олишнинг барча жараёни ушбу давлат томонидан амалга оширилади.

Ҳар бир иш изловчи ҳақидаги маълумот Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати маълумотлар базасида икки йил сақланади ва мазкур муддат тугагач, компьютердан автоматик тарзда ўчирилади. Ушбу идора орқали Жанубий кореялик иш берувчи меҳнат шартномасини тузади. Корея Республикаси Адлия вазирлиги эса мамлакатга жалб қилинаётган барча ишчи рўйхатини тасдиқлайди ҳамда ўша асосида иммиграция хизмати виза беради.

Ҳамма жараён бўйича қарор қабул қилингач, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ҳамма зарур ҳужжатларни расмийлаштиришни якунлаб, ўзбекистонлик ишчиларнинг Корея Республикаси тарафи билан келишилган жадвал асосида авиачипталарни харид қилиши ҳамда мамлакатдан чиқиб кетишига кўмаклашади. Ишга жойлашиш бўйича харажатларни иш изловчининг ўзи қоплайди.

SHARE