ОАВ: Ўзбекистонда “Асака” банк раҳбари лавозимидан озод қилинди

Ўзбекистонда мамлакатдаги иккинчи энг йирик банк — “Асака” акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси Қаҳрамон Арипов лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақида “Тренд” ахборот агентлиги банк акциядорларидан бирига таяниб маълум қилди. Агентлик истеъфо сабабларини кўрсатиб ўтмаган.

Хабарда айтилишича, бошқарув раиси вазифасини вақтинча раис ўринбосари Рустам Қосимов бажариб туради. Бир қатор хорижий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Арипов ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун қўлга олинган.

Арипов лавозимидан озод қилингани ҳақида расмий ахборот йўқ. Банк сайтидаги маълумотларда эса Қаҳрамон Арипов банк бошқаруви раиси сифатида кўрсатиб ўтилган.

“Асака” банки 1996 йилда ташкил топган бўлиб, у асосан автосаноатни молиялаштириш билан шуғулланади.

Банк акциядорлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (54,94%), “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси (13,14%), Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (13,12%), «Олмалиқ ТМК» АЖ (6,19%), «Бухоро НҚЗ» УК (5,54%), “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК (2,24%), бошқалар (4,83 %) ҳисобланади.