Тошкент вилояти собиқ ҳокими Аҳмаджон Усмоновнинг сенаторлик ваколати тугатилди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Тошкент вилояти собиқ ҳокими Аҳмаджон Усмоновнинг сенаторлик ваколатини тугатди. Бу ҳақида Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар тарқатди.

“Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси А.Усмановнинг халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати ваколати тугатилганлиги муносабати билан унинг ваколатини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида масала кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди”, дейилади хабарда.

Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг мажлисида “А.Усмонов кадрларни танлаш ва лавозимга қўйишда ғаразли мақсад билан иш кўриб, асосан ўзига шахсий садоқатда бўлган, лекин зарур билим ва тажрибага, маънавий фазилатларга эга бўлмаган шахсларни турли раҳбарлик вазифаларига тайинлагани, Тошкент вилоятининг ўзида юқори малакали кадрлар етарли бўлишига қарамасдан, баъзи бир лавозимларга ўзининг таниш-билишларини олиб келиш унинг одатига айланиб қолгани” кўрсатилиб, Президент фармони билан лавозимидан озод қилинган эди.

Тошкент вилоятига Зангиота тумани ҳокими Содиқ Абдуллаев ҳоким этиб тайинланди.