Ўзбекистонда Меҳнат вазирлиги ташкил этилди

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ижтимоий муҳофаза бўлими Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Бу ҳақида Kun.uz сайти хабар тарқатди.

Меҳнат ва Ўзбекистон аҳолисини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Меҳнат вазирлигига айлантирилди. Бу Президент Ислом Каримовнинг 2016 йил 22 февраль куни қабул қилган “Аҳолининг заиф қатламини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб қўйилган.

Ҳужжатга биноан, ногирон, жумладан, ногирон болалар, уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, ёлғиз қариялар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларига тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, имконияти чекланган инсонларни касбий-ҳунар ўрганишларини ташкиллаштириш ва инклюзив касбий таълимни ривожлантириш масалалари энди Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юклатилди.

Аввал Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги амалга оширган эҳтиёжманд оилалар ва фуқароларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашни назорат қилиш вазифалари Молия вазирлигига ўтказилди (пенсия билан таъминлаш масалалари 2010 йилдан буён Молия вазирлиги ҳузурида жорий этилган Пенсия жамғармаси зиммасида).

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қамровида бўлган “Мурувват” интернат-уйлари, “Саховат” ногиронлар ва қариялар уйлари, ногиронларни протезлаш ва реабилитация қилиш Миллий маркази, ногиронлар учун реабилитацион регионал марказлар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторий ва пансионатлари, Тошкент ва Фарғонадаги имкониятлари чекланган шахслар учун республика ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари, шунингдек, пойтахтдаги №2 сонли юридик коллежи Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфига ўтказилди.

Меҳнат вазирлиги фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари аҳоли бандлиги даражасини тизимли тартибда чуқур таҳлил қилиш, бандликни таъминлаш дастурини амалга оширишни ишлаб чиқиш ва мониторинг қилишни мувофиқлаштириш, деб белгилаб қўйилди.

Меҳнат вазирлиги аҳолининг ишсиз қатлами, биринчи навбатда, ёшлар, аёллар ва ногиронларни иш билан таъминланишида амалий ёрдам кўрсатиш, касб-ҳунар ўргатиш ва малакасини ошириш масъулиятини ҳам ўз бўйнига олади. Бундан ташқари, меҳнат вазирлиги зиммасига меҳнат ва бандликни муҳофаза қилиш соҳаси қонунчилигида мувофиқликнинг таъминланишини назорат қилиш ҳам юклатилди.

Давлат раҳбарининг фармонида белгиланишича, қабул қилинган қарор ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз қариялар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари турмуш даражаси ва сифатини ошириш, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йил 1 январдан пенсия, шунингдек, ижтимоий нафақалар, товон пуллари ва бошқа тўловларни тайинлаш, молиялаштириш, ҳисоб-китоб ва мониторинг қилиш вазифаларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қошидаги Пенсия жамғармасининг тегишли ҳудудий бўлинмалари амалга оширади.

SHARE