Ўзбекистонда чет эллик инвесторларга сотиладиган компаниялар рўйхати тасдиқланди

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги 89 та акциядорлик жамияти камида 15 фоизлик улушга эга хорижий акциядорларни жалб қилади. Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Қарорга биноан, устав капиталидаги давлат улушининг камида 15 фоизи хорижий инвесторларга сотиладиган 25 та акциядорлик жамияти рўйхати тасдиқланди. Улар орасида «Ўзбекенгилсаноат», «Ўзбектелеком», «Ўзбекистон почтаси», «Матбуот тарқатувчи, «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг», «Ўзтадбиркорэкспорт», «Ўзсаноатэкспорт», «Марказий ипподром», «Тошкент» РФБ ва бошқалар бор.

Ушбу рўйхатдан бешта банк – «Асака банк», «Қишлоқ қурилиш банки», «Агробанк», «Ипотека банк» ва «Микрокредитбанк» ўрин олди.

«Тошкент» РФБ (Республика фонд биржаси)нинг битта акция кам 25 фоиз миқдоридаги акциялар пакетини айирбошлаш бўйича Корея фонд биржаси билан шартнома тузилишини таъминлаш кўрсатилган. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фонд бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 19 мартдаги қарори асосида амалга оширилади.

Қарорда шунингдек устав капиталидаги камида 15 фоиз улуши, шу жумладан қўшимча акцияларни чиқариш йўли билан, чет эллик инвесторларга сотиладиган 64 та акциядорлик жамияти рўйхати тасдиқланди. Унга нефть-газ соҳасидаги 17 та корхона, 9 та вино-арақ заводи, «Ўзбекэнерго» тизимидаги 10 та қурилиш компанияси ҳамда кўмир қазиб олиш билан шуғулланувчи «Шарғункўмир» акциядорлик жамияти киритилган.