Ўзбекистон жаҳоннинг энг қудратли армиялари рейтингида 54-ўринда қайд этилди

Ҳарбий қудрат рейтинги сифатида қараладиган Global Firepower Index (“Ҳарбий тайёргарлик жиҳатдан энг кучли давлатлар рейтинги”) рейтингида Ўзбекистон 126 мамлакат ичида 54 ўринни эгаллади. Бу эса Ўзбекистон армияси Марказий Осиёдаги энг кучлиси демакдир.

Kun.uz сайтининг ёзишича, ўтган йили тузилган рўйхатда ҳам Ўзбекистон 54 ўринда қайд этилганди.

Янги рейтингда АҚШ биринчи, Россия ва Хитой мос равишда иккинчи ҳамда учинчи ўринларни эгаллаган. Юқори ўнталикка, шунингдек, Ҳиндистон, Буюк Британия, Франция, Жанубий Корея, Германия, Япония, Туркия кирган.

Вашингтоннинг ҳарбий харажатлари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 3,5 фоизини ташкил қилган бир пайтда, Россия Федерацияси ўз ҳарбий эҳтиёжлари учун ЯИМнинг 4,5 фоизини сарфлайди.

Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида Россия (2-ўрин), Украина (25-ўрин) ва Беларусь (45-ўрин)дан кейинги 4-ўринни эгаллади.

Рейтингни тузишда 50га яқин омиллар, жумладан қўшинлар сони, қуруқлик, ҳаво ва денгизда жанговар ҳаракатлар олиб бориш учун мўлжалланган ҳарбий техника миқдори ҳисобга олинади. Шу билан биргаликда, мамлакатлар қурол-яроғга сарфлаши мумкин бўлган иқтисодий манбалар ва рейтинг иштирокчиларининг географик жойлашуви ҳисобга олинади.