“Ўзбекистон почтаси” халқаро ва маҳаллий почта жўнатмалари кечикаётганлиги учун узр сўради

“Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти халқаро ва маҳаллий почта жўнатмалари қайта ишланиши кечикаётганлиги учун узр сўради. Бу ҳақида жамият сайтида жойлаштирилган хабарда маълум қилинди.

“Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти техник сабабларга кўра, “Халқаро почтамт” филиалида халқаро ва маҳаллий почта жўнатмалари қайта ишланиши кечикаётганлигини билдиради. Почта алоқаси хизматидан фойдаланувчиларидан келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

Ҳозирги пайтда “Халқаро почтамт” филиали фаолиятини тезроқ одатий тартибга келтириш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда”, — дейилади мазкур хабарда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Ўзбекистон почтаси”нинг Тошкентдаги Шимолий вокзалга ёндош ҳудудда жойлашган халқаро филиалида 5 февралга ўтар кечаси ёнғин бўлгани ҳақида хабар берилганди.