Ўзбекистон фуқароси нобиометрик паспорт билан ҳам мамлакатга қайтиши мумкин

Ўзбекистон Республикасининг ваколатли идоралари қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг нобиометрик паспорти амал қилиш муддати тугамаган бўлса паспорт эгаси томонидан фақат Ўзбекистон Республикасига қайтиш ҳужжати сифатида ишлатилиши мумкин. Ушу паспорт Ўзбекистонга қайтаётганда учинчи давлат ҳудудидан транзит ўтишга ҳам ишлатилиши мумкин. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Унда айтилишича, мазкур маълумот хорижий давлатларга етказилди.

Ушбу тартиб хорижий мамлакатларнинг тегишли идоралари томонидан ўзларининг жойлардаги бўлимларига етказилганидан сўнг 2018 йилнинг 1 июлига қадар амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикасидан хорижга чиқишлари учун биометрик паспорт талаб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, йил бошида Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтган ва Ўзбекистон Республикаси нобиометрик фуқаролик паспорти билан хорижий давлат ҳудудида вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистонга қайтишлари учун Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига мурожаат қилишлари ва республикага қайтиш сертификатини олишлари кераклиги ҳақида ахборотлар эълон қилинган эди.