Қамчиқ довонидаги туннель очилди

Ангрендан Попгача қурилаётган электрлаштирилган темирйўл линиясининг Қамчиқ довонидаги 19 километрлик туннели қуриб битказилди ва тантанали равишда очилди. Бу ҳақида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар тарқатди.

Сўнгги йилларда темир йўл тармоғида ўнлаб йирик инвестицион лойиҳалар фойдаланишга топширилди ва бугунги кунда ҳам инвестицон лойиҳалар устида ишлар давом этаяпти. Бундай лойиҳаларнинг фойдаланишга топширилиши республикамиз аҳолиси учун жуда катта аҳамиятга эга.

Ана шундай лойиҳалардан бири бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан Ангрендан Попгача қурилаётган электрлаштирилган темирйўл линиясидир.

19 километрлик темир йўл туннелини ўз ичига олган мазкур улкан лойиҳа “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг тажрибали ва малакали темирйўлчилари томонидан Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Бу туннель қурилиши мураккаблиги бўйича жаҳонда биринчи саккизталикдан, узунлиги бўйича 13 таликдан жой олган, МДҲ мамлакатларидаги ягона ноёб қурилиш иншооти ҳисобланади.

Бугун Қамчиқ тунели қурилишида жуда катта тарихий воқеанинг гувоҳи бўлинди. Асосий туннелнинг иккала томонидан бурғулаш, ковлаш ишлари тугатилиб, туташтирилди.

Айни кунда эса пардозлаш ишлари давом этаяпти. Бугунги кунгача туннелнинг 85 фоизида пардозлаш ишлари бажарилди. Ҳа демай тажрибали темирйўлчиларимиз туннелда пўлат излар ётқизиш ва электрлаштириш, коммуникация ишларини ҳам бошлаб юборадилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, узунлиги 123,1 километрдан иборат бўлган мазкур лойиҳанинг туннелдан ташқари 104 километрида барча қурилиш ишлари 2015 йил август ойининг сўнгги кунларида тўлиқ тугатилган эди.