Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо бўлиши тўғрисидаги меморандум Тошкентда имзоланади

Ҳиндистоннинг Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиб кириши тўғрисидаги битим ташкилотнинг шу йил июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган саммитида имзоланади. Бу ҳақида Россия Федерациясининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси, Россия президентининг ШҲТ масалалари бўйича махсус вакили Бахтиёр Ҳакимов маълум қилди.

“Биз кўп марта тушунтирганмиз. ШҲТга аъзо бўлиб кириш босқичма-босқич амалга ошириладиган жараён. Ҳиндистоннинг ташкилотга қўшилиши жараёнини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Кейинги қадам Ҳиндистоннинг мажбуриятлари тўғрисидаги ҳужжатнинг имзоланишидир. Меморандум Тошкентда имзоланади. Умуман, биз шунинг устида ишлаяпмиз”, деди россиялик дипломат.

Шу билан бирга, маъмурий-молиявий ва бюджет масалаларидан ташқари ариза билан мурожаат қилган давлат ўзи мустақил белгилаши зарур бўлган яна бир жиҳат ҳам бор — бу ушбу мамлакатнинг ташкилот шартномавий-ҳуқуқий базасига қўшилишига кетадиган муддатни белгилашдир.

Ҳиндистоннинг Россиядаги элчиси Панкаж Сараннинг айтишича, Ҳиндистон 2016 йилда ШҲТнинг тўлиқ аъзоси бўлишга умид қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ШҲТга Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо ҳисобланади. Беларусь, Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Афғонистон кузатувчи мақомига эга. Ўтган йили ташкилотнинг Уфа саммитида Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзо бўлиб киришига оид жараён бошланиши эълон қилинган эди.

ШҲТ давлат раҳбарларининг навбатдаги саммити шу йилнинг 23-24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.