Америкада бугун “супер сешанба”: президентликка номзодлар учун энг қулай имконият

Бугун Америкада АҚШда дастлабки сайловларнинг энг оммавий тадбири бўлиб ўтади. Гап шундаки, “супер сешанба” деб ном олган ушбу кунда демократлар ва республикачилар партиялари мамлакатнинг 13 штатида ҳамда Америка Самоа ҳудудида праймериз ва кокуслар (партиядан номзодларни аниқлаш)ни ўтказади. Ушбу кун иккала партиядан қатнашаётган номзодлар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, АҚШ президентлигига номзодлар хусусида кун охирига бориб якуний хулосага келиш мумкин бўлади.

Республикачилар партияси бугун президентликка номзодни илгари суриш учун керак бўладиган 1237 нафар делегатнинг 595 таси ким тарафдори бўлишини аниқлаб олишади. Гарча ушбу партиядан 5 нафар номзод президентлик сайловида асосий даъвогар бўлишга интилаётган бўлса-да, кураш Дональд Трамп, Тед Круз ва Марко Рубиолар ўртасида кечади. Аммо ижтимоий сўровлар шуни кўрсатаяптики, Дональд Трамп “супер сешанба”нинг мутлақ ғолиби бўлади. CNN сўровига кўра, Трампни республикачиларнинг 49 фоизи, Рубиони 16 фоизи, Крузни 15 фоизи қўллаб-қувватламоқда.

Демократлар партиясида сайлов қоидалари бирмунча фарқ қилади. Уларда асосий даъвогарлар Ҳиллари Клинтон ва Берни Сандерс 800 нафардан ортиқ делегат учун кураш олиб боради. Бу президентликка номзодни илгари суриш учун керак бўладиган делегатлар сонининг учдан бирига тенгдир.  Демократларда эса Ҳиллари Клинтон Берни Сандерсни ортда қолдириши кутилмоқда. Сўровларга кўра, собиқ давлат котиби Сандерсни 55 фоиз/39 фоиз овоз нисбати билан ютади. Ҳиллари Клинтонни этник камчилик вакиллари билан бир қаторда, афро-америкалар кенг қўллаб-қувватлайди.