Брюсселдаги портлашлар оқибатида жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ

    22 март куни Брюссель шаҳрида содир бўлган қатор портлашлар натижасида қурбон бўлганлар ва жароҳатланганлар рўйхатида Ўзбекистон фуқаролари йўқ. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

    Эслатиб ўтамиз, сешанба куни эрталаб Брюссель халқаро аэропортида икки маротаба портлаш содир этилди. Учинчи портлаш эса метронинг «Маальбек» бекатида рўй берди.

    Сўнгги маълумотларга кўра, портлашлар оқибатида 31 киши ҳаётдан кўз юмган, 270 киши жароҳатланган. Бельгия ҳукуматининг тахминича, портлашларга бир қанча худкуш-террорчилар алоқадор бўлиши мумкин.