Москвада энага 4 яшар қизалоқни ўлдирганини тан олган

Москвада 4 яшар қизалоқни ўлдиришда гумон қилиниб, қўлга олинган Гулчеҳра Бобоқулова қилмишини тан олган ҳамда жиноят жойида асосий деталларини айтиб беришини маълум қилган. Бу ҳақида “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Асли ўзбекистонлик бўлган 38 яшар Гулчеҳра Бобоқуловани душанба куни метро станцияси яқинида полиция ходимлари қўлга олишган. Унинг қўлида 4 яшар қизалоқнинг боши бўлган. Қиз боланинг боши танасидан жудо қилинган жасади шаҳардаги квартиралардан биридаги ёнғин ўчирилганидан сўнг топилган.

Хабарларда айтилишича, гумонланувчи ушбу хонадонда уч йил давомида энага сифатида яшаган ва ишлаган. Қизалоқнинг ота-онасига кўра,  бу давр мобайнида энага фаолиятида қандайдир шубҳали ҳаракатлар кузатилмаган.

Россия ҳукумати ушбу жиноий ишни сиёсийлаштиримасликка ҳаракат қилмоқда. Хусусан, марказий телеканалларда ушбу воқеа кенг ёритилмаган. Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари миллатчилик кайфиятидаги ёшлар ташкилотлари етакчилари билан профилактик мулоқотлар ўтказишмоқда. Шундай бўлса-да, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда ушбу воқеа кескин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлмоқда.