ОАВ: Россияда ҳалокатга учраган самолёт қурбонлари орасида ўзбекистонлик ҳам бор

Шу йилнинг 19 март куни маҳаллий вақт билан соат 3:42да Россиянинг Ростов- Дон аэропорти ҳудудида flydubai авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолёти қўнишни амалга ошириш чоғида ҳалокатга учради. Бу ҳақида оммавий ахборот воситалари хабар тарқатди.

Лайнер Дубай — Ростов- Дон йўналиши бўйича авиақатновни амалга ошираётган эди. Россия ФВВ маълумотига кўра, самолёт бортида 62 киши, шу жумладан, 55 йўловчи ҳамда 7 нафар экипаж аъзоси бор эди ва уларнинг барчаси ҳаётдан кўз юмган.

Аксарият йўловчилар — россияликлардан иборат. Шунингдек, самолётда бир қанча хориж фуқаролари бўлгани, улар орасида, ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бир ўзбекистонликнинг ҳам борлиги айтилмоқда.

Манбаларда айтилишича, экипаж аъзоларининг барчаси БАА фуқаролари эди. Шунингдек, йўловчилардан 11 нафари хорижлик экани айтилмоқда. Йўловчиларнинг 8 нафари украиналик, 2 нафари ҳиндистонлик ва ўзбекистонлик бўлган.

Айни вақтда Россия ФВнинг Ростов вилояти бўйича бўлимида ушбу самолёт ҳалокати қурбонлари ҳақида маълумот олиш учун 8-863-23-99999 телефон рақами ишламоқда. Шунингдек, авиаҳалокат бўйича маълумотлар олишда 8-800-775-17-17 рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага мураккаб об-ҳаво шароити сабаб бўлган. Самолёт қўнишдан аввал кутиш ҳудудида икки соатдан зиёдроқ вақт давомида парвоз қилган.

Flydubai учун мазкур фалокат компания ташкил топган 2009 йилдан буён илк маротаба содир бўлди.

Якшанба куни Ростов вилоятида мотам куни деб эълон қилинди.