Тошкентда Кореянинг яна бир олий ўқув юрти филиали очилиши мумкин

29 февралда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Корея фан ва технологиялар институти (KAIST – Korea Advanced Institute of Science and Technology) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Делегацияга KAIST Молия факультети декани Жан Ку Канг раҳбарлик қилди. Учрашувда KAIST бизнес-мактабининг Ўзбекистондаги филиалини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Делегация раҳбари муайян келишувга эришилган тақдирда Тошкент шаҳрида KAIST’нинг филиали очилиши ҳақида хабар берди.

Корея олий таълим муассасаси вакиллари дастлабки босқичда молия факультетига 200 нафар талабани қабул қилиш ва қабул квотасини ошириш имкониятлари тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, филиалда иқтисодиёт факультети очилиши ҳам режалаштирилмоқда. Делегация аъзолари Ўзбекистонда бу каби ўқув муассасаларини очиш шарт-шароитлари ва Ўзбекистон фуқаролари учун мақбул бўлган тўлов миқдори, квотани тўлдириш масалалари билан қизиқди.

Суҳбат давомида Жан Ку Канг учрашув иштирокчиларига ушбу таълим муассасасида бакалавр, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича кадрларнинг комплекс тайёргарлиги олиб борилиши борасида маълумотлар берди.