Ўзбекистонда барча вилоят ҳокимларига янги биринчи ўринбосарлар тайинланмоқда

12 март куни Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақида Самарқанд вилоят ҳокимлиги расмий веб-сайти хабар бермоқда.

Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси З.Мирзаев олиб борди.

Сессия кун тартибидаги масала – ташкилий масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқиб, Президентнинг 2016 йил 24 февралдаги қарори билан маҳаллий ҳокимликлар структураси ўзгартирилгани ва унга кўра, ҳокимларнинг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилганини ва мазкур лавозимнинг аҳамиятини тушунтириб берди.

Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасига шу пайтгача Ургут тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Ҳиммат Оқбўтаев номзоди тавсия этилди. Шунингдек, депутатлар томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиялари ўртасида Кенгаш ваколатига кирадиган масалалар бўйича қабул қилинган вилоят ҳокимининг учта қарори кўриб чиқилди.

Жумладан, вилоят ҳокимининг 2016 йил 1 мартда қабул қилган Очилов Олимжон Исмоиловични вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлаш ҳақидаги, Нуркулов Абдумажит Алибековични вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлаш ҳақидаги, Худжаёров Хайриддин Гадаевични вилоят ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлаш ҳақидаги қарорлари тасдиқланди.

Шуни қайд этиш керакки, республиканинг барча вилоятлари ҳокимларининг ушбу масалалар бўйича ўринбосарлари тайинланади.