Ўзбекистонда коммунал тўловлар нархлари кўтарилди

Ўзбекистонда шу йилнинг 1 апрелидан иссиқлик энергияси, иссиқ ва совуқ сув, табиий газ ҳамда электр энергияси нархлари оширилади. Бу ҳақида соҳа компанияларига асосланиб, газета.uz хабар тарқатди.

«Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» компаниялари Ўзбекистон аҳолиси учун электр энергияси ва табиий газ тарифларининг ошиши тўғрисида хабар қилди.

Аҳолига бериладиган 1 кВт соат электр энергияси нархи 167,4 сўмдан 182 сўмга, электр плиталар билан жиҳозланган турар жойлар аҳолиси учун — 83,4 сўмдан 91 сўмгача оширилди (ўсиш — 9%).

1 куб метр табиий газ нархи келгуси ойдан ҳисоблагич мавжуд бўлган хонадонлар учун айни пайтдаги 208,92 сўм ўрнига 226 сўм бўлди (ўсиш — 8%). Ҳисоблагич ўрнатилмаган тақдирда, таом тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун фойдаланиладиган 10 куб метр газ баҳоси 3908,3 сўм (ҳозирда — 3612,95), иситиш учун — 1812,5 сўм (1675,55) қилиб белгиланди.

1 апрелдан Тошкентда совуқ сув таъминоти учун янги тарифлар жорий этилади. Нархларнинг кўтарилиши электр энергияси ва бошқа манбалар баҳосининг ошиши билан изоҳланмоқда.

Марказлашган иссиқ сув таъминоти ва канализация тизими мавжуд хонадонларда 1 куб метр сув нархи ҳисоблагич билан 390 сўм (ҳозирда — 370 сўм, ўсиш — 5,4%), ҳисоблагичсиз эса киши бошига 4767,81 сўм (4516,88 сўм, +5,5%) деб белгиланди.

Барча қулайликларга эга хусусий уйларда тариф канализация мавжуд бўлганда 280 сўм (265 сўм, +5,7%), канализациясиз 170 сўм (160 сўм, +6,3) ҳамда ҳисоблагич бўлмаган тақдирда киши бошига 4318,71 сўмни ташкил қилади (4516,88 сўм, +5,5%).

Кейинги ойдан пойтахтда иссиқ сув таъминоти ва иситиш тизими тарифлари ҳам 9 фоизга кўтарилади. «Тошиссиққуввати» корхонаси эълонига кўра, ҳисоблагич ўрнатилган хонадонларда 1 куб метр иссиқ сув 3459,9 сўм (ҳозирда — 3174,05 сўм) ва ҳисоблагич бўлмаган тақдирда киши бошига бир ойда 13511,73 сўмни (12395,4) ташкил этади. Марказлашган исситиш тизими тарифлари турар жой майдонининг 1 квадрат метри учун 1073,06 сўмдан 1169,7 сўмга қадар оширилади.

Эслатиб ўтамиз, иссиқ ва совуқ сув, шунингдек, бошқа коммунал хизматлар тарифлари охирги марта 2015 йилнинг октябрь ойида ошган эди.