Ўзбекистонда маҳалла оқсоқоллари сайлови май-июнь ойларида бўлиб ўтади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг кенгаши қарорига биноан, Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари ваколатлари муддати шу йил май-июнь ойларида тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасига, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 23-моддаси ҳамда «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 8, 10 ва 11-моддаларига мувофиқ, мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига навбатдаги сайловни ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Сенат ахборот хизматининг маълум қилишича, бу йил 9764 нафар фуқаролар йиғини раисини ва уларнинг 99 минг нафардан ортиқ маслаҳатчисини сайлаш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг шу йил 5 мартда бўлиб ўтган мажлисида фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Сенат кенгаши олдинги сайловларнинг тажрибасини ва қонунчилик ҳужжатларининг талабларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида» қарор қабул қилиб, унда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш муддати қилиб 2016 йил май-июнь ойларини белгилади, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режасини, сайлов бюллетенлари намуналарини тасдиқлади.

SHARE