Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Гулчеҳра Бобоқулова иши бўйича Россиядан сўров олган

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Москвада тўрт яшар қизалоқни ўлдирганликда айбланаётган Гулчеҳра Бобоқулова ҳақида Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигидан тегишли сўров олган. “РИА Новости” хабар беришича, тегишли тезкор ахборот аллақачон Москвага тақдим қилинган.

“Сўров расмий каналлар орқали берилган. Биз ўрнатилган тартибда иш олиб борамиз”, деди агентликнинг Ўзбекистон ИИВдаги манбаси. Унинг сўзларига кўра, ушбу иш бўйича тезкор ахборот Россия тарафига аллақачон тақдим қилинган.

Ҳозирги кунда ушбу жиноят мотивлари ўрганиб чиқилмоқда. Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, Бобоқуловани ушбу ишга иғвогарлар ундаган бўлиши мумкин. Айрим манбаларда айтилишича, унинг хонадоши диний экстремизм ғоялари билан заҳарлаган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, терговчилар энаганинг хулқидан шубҳаланиб, уни суд-психиатрия текширувидан ўтказишни режалаштирмоқда.