Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш асослари ва уни расмийлаштириш тартибига ўзгартиш киритилди

2016 йил 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ бўлган масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди. Фармон Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари миллий маълумотлар базасида эълон қилинди.

Фармонга мувофиқ, 1992 йил 20 ноябрдаги Президент Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ бўлган масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилди. Бу ўзгартиш 2015 йил 10 август куни кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш билан боғлиқдир. Унга кўра, агар шахс хорижий давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги йўқотилиши мумкин.

Низомга киритилган ўзгартиришга кўра, юқоридаги ҳолатлар содир этилганда, фуқароликни йўқотиш қандай тартибда расмийлаштириш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка биноан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги қуйидаги асослар бўлганда йўқотилиши мумкин:

шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, адлия идораларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларига ишга кирганлиги натижасида;

агар чет элда доимий яшовчи шахс беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса;

агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида олинган бўлса;

агар шахс хорижий давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса.