Ўзбекистон ҳукумати интернетдаги рекламани тартибга солади

Ўзбекистондаги интернет тармоқларидан қимор ўйинлари рекламаси йўқотилади, шунингдек, товарлар сотилишини кўпайтириш учун телевидениеда беҳаё(эротик) саҳналардан фойдаланишни тақиқлаш режалаштирилмоқда.

“Реклама тўғрисидаги” Қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси  Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштирилган.

Қонун лойиҳасида беҳаё саҳналардан фойдаланиш тақиқланади. Шунингдек, интернет тармоқларида қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш учун телекоммуникация тармоқларида хизматлар кўрсатиш, дастурий таъминотни нашр қилишни тъқиқлаш кўзда тутилган.

“Балоғат ёшига етмаганлар учун мўлжалланган роликларда, ҳақиқий ёки сохта қуролдан фойдаланиш тақиқланади, шунингдек, экстремал ҳолатларга тушиб қолган болаларни кўрсатиш мумкин эмас”, дейилади ҳужжат матнида. Болалар учун мўлжалланган товарлар нархини кўрсатишда “товар нархи ҳақида нотўғри тушунча уйғотувчи” “холос” ва “бор-йўғи” каби сўзлардан фойдаланиш ҳам тақиқланган.

Ушбу қоидалар ижтимоий ва сиёсий рекламаларга, шунингдек, реклама характерига эга бўлмаган кўрсаткичларга жорий этилмаслиги таъкидлаб ўтилган.

Муҳокамада қолдирилаётган изоҳлар ва Сўровномада билдирилган таклифлар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқувчилар — давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кўриб чиқилади.