Хитой раҳбари Ўзбекистонга давлат ташрифини Бухоро шаҳридан бошлади

    ХХР раиси Си Цзиньпин 21 июнь куни Ўзбекистонга давлат ташрифини Бухородан бошлади. Бу ҳақда Синьхуа ахборот агентлиги хабар тарқатди.

    Хитой раҳбари тарихий маркази ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган 2500 йиллик тарихга эга Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишганидан сўнг Тошкентга йўл олди.

    ЎзАнинг хабар беришича, Бухоро Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган қадимий ва муқаддас шаҳарларидан. Бухорои шариф буюк алломалари, бетакрор тарихий обидалари билан халқимизни, мамлакатимизни бутун дунёга танитган. Дунё аҳли, жумладан, хитойликлар Тошкент, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларимиз қатори Бухоронинг ҳам жаҳонга машҳур меъморий ёдгорликлари билан танишишга ошиқади.

    Ўзбекистон билан Хитой ўртасида маданият, санъат, фан ва таълим йўналишларида яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Тошкент ва Самарқандда Конфуций институтининг ташкил этилгани, Хитой миллатлар марказий университетида ўзбек тили бўлими фаолият юритаётгани, Пекин хорижий тиллар университетида ўзбек тилини ўқитиш йўлга қўйилгани бу борадаги ҳамкорлик изчил ривожланаётганидан ҳамда Ўзбекистонда хитой тили ва адабиётига, Хитойда ўзбек тили, маданияти, урф-одатларига қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолатдир.

    Икки мамлакатнинг маданият ва санъат намояндалари Ўзбекистон ва Хитойда ўтказилаётган турли кўргазма ва маданий тадбирларда фаол иштирок этмоқда.

    Ўзбекистон билан Хитойнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлиги ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти Хитой халқаро туризм ярмаркаларида мунтазам намойиш этиб келинмоқда.

    Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Арк қалъасини бориб кўрди. Мазкур қалъа аждодларимизнинг буюк даҳоси, мамлакатимиз илм-фанининг чуқур илдизларидан далолат беради. Олий мартабали меҳмонга ушбу обиданинг тарихи, юртимизда қадимий шаҳарсозлик, илм-фан ва ҳунармандлик ривожи ҳақида маълумот берилди. Си Цзиньпин бу муҳташам обида ўзбек халқининг бунёдкорлик салоҳияти, илм-фан ва маданият ривожига эътиборининг ёрқин намунаси эканини таъкидлади.

    Олий мартабали меҳмон Сомонийлар мақбарасини зиёрат қилди. Бу ёдгорлик ўз меъморий ечимига кўра бетакрор обидадир. Нафис меъморлик санъатининг юксак намунаси бўлган бу иншоот ўта аниқ симметрик ўлчамлар, ғоят мураккаб геометрик ҳисоб-китоблар асосида бунёд этилган. ХХР Раиси ушбу иншоот билан танишар экан, ана шундай мўъжизакор мақбарани барпо этган аждодларимиз даҳосига юксак баҳо берди.

    Тошкент халқаро аэропортида Хитой раҳбари Си Цзиньпинни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов кутиб олди.

    Асосий тадбирлар 22 июнь куни давом этади. У шунингдек, Сенат аъзолари ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ сўзлайди.

    Ташриф якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг қўшма баёнотини қабул қилиш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган битимлар ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

    23-24 июнь кунлари Си Цзиньпин Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида иштирок этади.

    SHARE