Ҳиллари Клинтон демократлар партиясидан номзод бўлиш учун етарлича делегат тўплади

    АҚШ президентлигига номзод Ҳиллари Клинтон демократлар партиясидан ягона номзод бўлиш учун етарлича делегат тўплашга муваффақ бўлди. Бу ҳақида Америка оммавий ахборот воситалари хабар тарқатди. “Associated Press” ахборот агентлиги хабарига кўра, уни 2384 та делегат қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

    Ушбу ҳисоб-китобни амалга оширишда кокуслар ва праймеризларда тўпланган делегатлар ҳамда суперделегатлар сони асос бўлиб хизмат қилди. Клинтонни қўллаб-қувватлаш учун 1812 та делегат ва 571 та суперделегат ўз овозини беришини маълум қилган.

    Агар партиянинг шу йил июль ойида бўлиб ўтадиган қурултойида Ҳиллари Клинтон номзоди қўллаб-қувватланадиган бўлса, у Америка тарихидаги илк аёл номзод бўлади.

    Шундай бўлса-да, Ҳиллари Клинтон жамоаси ғалаба ҳақида бонг ураётгани йўқ, улар 7 июнь куни бўлиб ўтадиган праймериз ва кокусларда ғалаба қозонишни мақсад қилишган.