Жавлон Ваҳобов АҚШ Давлат департаментига ишонч ёрлиғи нусхасини топширди

Шу йилнинг 17 октябрь куни АҚШ Давлат департаментида Ўзбекистон Республикасининг янги тайинланган Америка Қўшма Штатларидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобовнинг ишонч ёрлиқларининг нусхасини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ишонч ёрлиғи нусхасини АҚШ Давлат департаменти протокол хизмати вазифасини бажарувчи Кэтрин С. Хендерсон қабул қилиб олди. Маросимда Департаментнинг Ўзбекистон билан муносабатларни мувофиқлаштириб борадиган бўлинмалари раҳбарлари ҳам қатнашди.

Америкалик дипломатлар Ўзбекистон Республикасининг АҚШга янги элчиси тайинланиши ва унинг фаолияти бошланганини олқишлади. Икки томонлама муносабатларни истиқболда фаол ривожлантиришга умид билдиришди.

Америка дипломатик протоколига кўра, Давлат департаментида ишонч ёрлиқлари нусхасини топширишдан бошлаб Элчи ўз вазифаларини де-факто бажаришга киришганини билдиради. Ишонч ёрлиғи АҚШ президентига Оқ уйда топширилганидан сўнг тўлақонли элчи мақоми де-юре тасдиқланади.