Фоҳишахоналар ташкил этилган турар-жойлар мусодара қилинадими?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни жиноят содир этишда иштирок этмаган шахсларнинг мол-мулкини мусодара қилишни тақиқлаш бўйича қонунчиликка ўзгартиш киритишни кўзда тутувчи қонунни имзолади. Бу ҳақида Газета.uz хабар тарқатди.

Жиноят-процессуал кодексининг янгиланган 211-моддаси 1-қисмига кўра, эндиликда гумондор, айбланувчи, судланувчи, ҳукм қилинган шахсларга тегишли жиноят қуроллари мусодара қилиниб, тегишли муассасага тақдим этилади ёки йўқ қилинади. Бунда гумондор, айбланувчи, судланувчи, ҳукм қилинган шахсга тегишли бўлмаган мол-мулклар қонуний эгаларига қайтарилади.

Гумондор, айбланувчи, судланувчи ёки ҳукм қилинган шахсга тегишли бўлмаган ва қонуний эгалари аниқланмаган мол-мулклар давлат ҳисобига ўтказилади.

Модданинг аввалги таҳририда жиноят қуроллари мусодара қилинади, дейилган эди.

Шу билан биргаликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг маъмурий ҳуқуқбузарлик қуролини мусодара қилишга оид моддасига ҳам ўзгартиш киритилди. Кодекснинг 27-модда 1-қисми ҳуқуқбузарга тегишли бўлмаган буюмлар олиб қўйилмайди.

Ўзгартишлар қонун расман эълон қилинган санага (17 октябрь) қадар қабул қилинган суд қарорларига биноан мусодара этилувчи мол-мулкларга тааллуқли эмас.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 18 июль куни Kommersant.uz сайти ушбу масалага эътибор қаратиб, ушбу масалага бағишланган мақолани чоп этган эди. Унда бир гуруҳ фуқаролар уларга тегишли квартиралар суд қарори билан мулк эгалари хабар қилинмасдан мусодара қилингани ҳақида мурожаат қилишган.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев жорий йил бошидан буён Тошкентда 400 га яқин фоҳишабозлик ва қўшмачилик ташкил этилган ҳолатлар аниқлангани, уларнинг жуда кам қисмидагина мол-мулк мусодарага тортилганини маълум қилган эди.