Шавкат Мирзиёев Рамзан Қодиров билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни мамлакатга амалий ташриф билан келган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировни қабул қилди.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, олий даражадаги мунтазам учрашувлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга, шунингдек, уларни аниқ амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Россия Президенти Владимир Путиннинг яқинда Сочи шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида томонлар ҳудудлар даражасидаги алоқалар фаоллашаётганидан мамнун эканликларини билдириб, ушбу ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини таъкидладилар.

Суҳбат чоғида ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзаро савдо ҳажми ва номенклатурасини кенгайтириш, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Чеченистон раҳбари Ўзбекистон Президентига самимий қабул ҳамда отаси Аҳмад ҳожи Қодиров таҳсил олган ислом цивилизациясининг тарихий марказларини зиёрат қилиш мақсадида мамлакатимизга ташрифини ташкил қилишга кўмаги учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, у кўп миллатли ўзбек халқига чуқур эҳтиромини билдириб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб қилиш борасида олиб бораётган сиёсати ва халқаро ташаббусларига юксак баҳо берди.

Суҳбат сўнгида Рамзан Қодиров икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ва кўп қиррали алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда фаол иштирок этишга тайёр эканини таъкидлади.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар беришича, Чеченистоннинг биринчи президенти, Россия қаҳрамони Аҳмад ҳожи Қодировнинг ўғли, амалдаги Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Тошкентдаги отасининг устози шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари абадий қўним топган масканни зиёрат қилди.

Аҳмад ҳожи Қодиров 1980 йилларда Тошкент ислом олий маъҳадида ўқиб, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидан бевосита таҳсил олган ва умрининг охиригача содиқ шогирдлардан бўлиб қолган эди.