Шавкат Мирзиёев: “Ҳажга фақат пулдорлар ёки таниш-билиши борлар боради, деган тасаввурни бутунлай ўзгартириш вақти келди”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида дин масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.

Унинг қайд этишича, йўлдан адашганларни фақат рўйхатдан чиқариш билан иш битмайди. Уларга амалий ёрдам бериш, муносиб иш топиб бериш, арзон кредитлар ва уй-жойлар билан таъминлаш лозим. Бундай одамларни соғлом ҳаётга қайтариш масаласида ўта нозиклик билан, илм билан, маърифат билан, аввало, шахсий намуна кўрсатиб ишлаш керак. Чунки улар ҳам Ўзбекистон фуқароси. Айни вақтда улар ҳам Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқ ва эркинликлари билан бирга, масъулият ва мажбурияти ҳам борлигини ҳеч қачон эсдан чиқармаслиги зарур.

Президентнинг фикрича, ҳаж зиёрати нафақат ибодат, балки аввало катта бир масъулиятдир. Бундай улуғ зиёратнинг шукронаси ҳам бўлиши керак. “Мен йўлдан адашганларни тарбиялаш, уларни соғлом ҳаётга қайтаришда фаоллик кўрсатганларни биринчи навбатда ҳажга юбориш лозим, деб айтганимда жуда кўп нарсаларни назарда тутган эдим. Яъни бунинг маъноси кенг”, деди давлат раҳбари.

Дейлик, ҳажга бормоқчи бўлган одам аввало ўз маҳалласи, ўз қишлоғидаги савоб ишларга ҳисса қўшса, мактабда, лицей-коллежда ёшлар билан учрашиб, тарбиявий суҳбатлар ўтказса, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида маслаҳат ва кўмагини аямаса, жамиятимиздаги муҳитни, аҳолининг дунёқарашини ўзгартиришга жуда катта хизмат қилган бўларди.

Ҳаж сафари – бу мусулмончиликнинг бешинчи фарзи. Бу фарзни адо этиш учун одам авваламбор олдинги тўртта фарзни тўла бажарган бўлиши керак. Ўзининг хулқи-одоби, ҳалол-поклиги, одамларга меҳр-оқибати билан эл-юрт ҳурматини қозониши лозим.

Ҳажга борган одам зиёрат давомида аввало ўзининг, ўз халқининг маданиятини кўрсатиши керак. Токи, мана, қаранглар, бу инсон Имом Бухорий ватандоши экан, деб бошқалар унга ҳавас қилсин. Юртимизга қайтиб келганидан кейин ҳам юриш-туриши, маданияти билан ҳаммага ўрнак бўлиши, маънавиятимиз тарғиботчиси бўлиши керак.

“Ҳажга фақат пулдорлар ёки таниш-билиши борлар боради, деган тасаввурни бутунлай ўзгартириш вақти келди. Хоразм вилоятида ҳам ҳажга борадиганлар рўйхатини шу нуқтаи назардан кўриб чиқиш лозим. Бу масалада ҳам адолат ўрнатиш зарур”, деди Президент.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистон Республикасига амалга оширган ташрифи якуни бўйича дастлабки хулосасига кўра, 2017 йил июнь ойида Президент қамоқда ушлаш тартибини қайта кўриб чиқди ва камида 16 минг кишини “қора рўйхат” ўчиришга кўрсатма берди.