Ўзбекистон АҚШга қовун экспорт қилмоқда

    “Ўзтрейд” компанияси Ўзбекистон тарихида илк бор АҚШ бозорига сархил қовунлар етказиб берди.

    Манбага кўра, бир тонна ҳажмидаги дастлабки партия Нью-Йоркдаги “Uz-American Trade Corp” савдо уйига жўнатилган.
    Бундан ташқари, “Ўзтрейд” компанияси АҚШга умумий қиймати 5,1 миллион долларлик текстил, қуритилган мева ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш бўйича экспорт шартномалари имзолаган.

    Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ҳузурида ташкил этилган “Ўзтрейд” компанияси Нью-Йоркда яқинда савдо уйини очган эди. Бунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига амалга оширган сафари муҳим аҳамият касб этди.

    Савдо уйи базасида ўзбек ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари шоу-руми фаолият кўрсатади. Савдо уйи экспорт ҳажмини ошириш ва Ўзбекистон маҳсулотларининг АҚШ бозоридаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.