Ўзбекистон одам аъзоларини трансплантация қилишни қонунийлаштиради

Ўзбекистонда “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида” қонун қабул қилиш режалаштирилмоқда. Қонунни “Адолат” социал-демократик партиясига илгари сураяпти.

Хўш, бунга нега зарурат туғилди?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош трансплантологи Улуғбек Юлдашевнинг айтишича, Ўзбекистонда 1972 йилдан бошлаб трансплантология амалиёти йўлга қўйилган. Хусусан, Буйрак трансплантацияси марказида мазкур органни кўчириб ўтказиш бўйича 300 дан ортиқ операция муваффақиятли амалга оширилган.

2003 йилда эса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарори билан фақат яқин қариндошлардан буйрак кўчириб ўтказишга рухсат берилган. Аммо Адлия вазирлигининг тегишли текширувларидан сўнг бу борадаги меъёрлар талаблари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, рад этилган эди.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда ўн минглаб беморлар органлар ва тўқималар трансплантациясига муҳтож. У буйракни кўчириб ўтказиш бўладими, жигар ёки юрак ва ўпка трансплантацияси бўладими, муҳими, фақат фақатгина шу органлар трансплантацияси беморлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Сир эмас, зарурат туфайли айрим беморлар чет давлатларга бориб, 15 мингдан 250 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда ана шу жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлмоқда. Лекин шунга эҳтиёжи бор беморларнинг барчаси ҳам бундай катта маблағ ва имкониятга эга эмас. Бу эса мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасидаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга, хусусан, трансплантология йўналишида жаҳоннинг илғор тажриба ва ютуқларидан ортда қолишга, энг асосийси, фуқароларнинг саломатлик, вақт ва маблағ масаласида бир қатор қийинчиликлар билан тўқнаш келишига сабаб бўлмоқда.

Шу нуқтаи назардан, мазкур соҳадаги муносабатларни қонун билан тартибга солиш орқали замонавий тиббиётнинг илғор тажрибалари мамлакатимизда ҳам жорий этилиши назарда тутилаётгани соҳа мутахассисларини хурсанд қилмоқда. Зеро, мамлакатимизда ушбу соҳада малакали мутахассислар етарли.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси қабул қилинса, ҳамюртларимиз зарурат туғилган пайтда чет элга бормасдан, шу ернинг ўзида инсон органлари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш орқали ўз саломатлигини қайта тиклашига шароит яратилади.

Қонун лойиҳаси нималарни кўзда тутади?

Қонун лойиҳасининг асосий мақсади замонавий фан ва тиббиёт амалиёти ютуқларини ҳисобга олган ҳолда инсон органлари, тўқима ва ҳужайраларини трансплантация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Ушбу ҳужжат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Инсон тўқималари, ҳужайралари ва органларини трансплантация қилиш бўйича устувор тамойиллари” талаблари асосида ишлаб чиқилган.

Шунингдек, қонун лойиҳасини яратишда ривожланган мамлакатлар ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлар қонунчилигидаги ютуқ ва афзалликлар ҳамда миллий урф-одат ва қадриятларимиз инобатга олинган.

Мисол учун, қонун лойиҳасида донор сифатида фақатгина яқин қариндошлар ўз органи ва тўқималарини беришлари мумкинлиги, шахс мурдасидаги орган ва тўқималарни олиш унинг тириклигидаги нотариал тасдиқланган ёзма равишда берган розилиги ёки яқин қариндошларининг розилиги асосида амалга оширилиши мумкинлиги каби нормалар акс этган.

Шу билан бирга, мазкур қонун қабул қилиниши муносабати билан Жиноят кодексига “Инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини ажратиб олишга мажбур қилиш ёки ноқонуний ажратиб олиш” ҳамда “Инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларига нисбатан битим тузиш” каби қилмишлар учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи иккита модда киритилиши таклиф этилмоқда.

Бу инсон аъзоларидан ноқонуний даромад олиш мақсадида фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади. Бундай қилмишлар учун жавобгарлик трансплантацияга рухсат берилган барча мамлакатлар қонунчилигида назарда тутилган.