Ўзбекистон Сайфулла Саипов ҳақида расмий маълумот берди

Шу йилнинг 31 октябрь куни Нью-Йорк шаҳрида теракт содир этилди. Уни Ўзбекистоннинг 29 яшар фуқароси Сайфулла Саипов содир этгани гумон қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари ушбу тахминни тасдиқлайди. Бу ҳақида “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар тарқатди.
Сайфулла Саипов 1988 йил 8 февраль куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган, 2005 йилда касб-ҳунар коллежини тамомлаб, 2005-2009 йилларда Тошкент молия институтида таҳсил олган. Олий таълим муассасасини тамомлагач, пойтахтдаги “Саёҳат” меҳмонхонасида ҳисобчи бўлиб ишлайди.

С. Саипов АҚШга кетгунига қадар жиноий жавобгарликка тортилмаган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборига тушмаган.

С. Саипов 2010 йилда грин-карта лотереясини ўйнайди, уни ютгач, ўша йилиёқ Америкага кетади. Охирги бир неча йил давомида у АҚШда вақтинча яшовчи яна бир ўзбекистонлик қиз билан фуқаролик никоҳида бўлган. Ўшандан бери С. Саипов бирон марта ҳам Ўзбекистонга келмаган, Тошкентда истиқомат қиладиган ота-онаси билан учрашмаган.

С.Саипов АҚШда бўлганида ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланганидек консуллик ҳисобида турмаган.

Маҳалладагилар у ҳақида ижобий фикр билдиришмоқда: уларнинг сўзларига кўра, у ҳеч қанақа шубҳа уйғотмаган, ҳар доим ўзини босиқлик билан тутган, бошқаларга дўстона муносабатда бўлган. Ўзига тўқ оилада вояга етган. Ота-онаси анъанавий ислом динига эътиқод қилишади, ҳеч қанақа экстремистик диний оқимларга алоқаси бўлмаган.

АҚШга кўчиб келгач, Сайфулла Саипов одамови бўлиб қолади, радикал гуруҳлар таъсирига тушиб қолган. Бу ҳақида Америка оммавий ахборот воситалари ҳам уни биладиган кишиларга таяниб хабар тарқатди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ раҳбари Дональд Трампга йўллаган мактубида Нью-Йорк шаҳридаги террорчилик ҳаракати оқибатида бегуноҳ кишиларнинг қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.

“Ушбу қабиҳ ва шафқатсиз жиноятни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Биз ҳар қандай шакл ва кўринишдаги экстремизм ва терроризмни кескин қоралаймиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ушбу террорчилик ҳаракатини суриштирув ишларига кўмак кўрсатиш учун бор куч ва воситаларини ишга солишга тайёрлигини маълум қилди.