Сайфулло Соипов судда айбини тан олмади

Нью-Йоркда теракт уюштиришда айбланаётган Сайфулло Соипов судда ўз айбини тан олмади. Бу ҳақда Нью-Йорк жанубий округи прокуратураси вакили маълум қилди, дея хабар беради «РИА Новости».

28 ноябрь, сешанба куни 29 ёшли Соиповга Нью-Йорк федерал судида расман айблов эълон қилинди.

«У айбини тан олмади», — деди прокуратура вакили.

Суднинг Соипов иштирокидаги келгуси йиғилиши 2018 йил 23 январга режалаштирилган.

Бир ҳафта аввал Соиповга 22 банддан иборат айблов хулосаси чиқарилганди. У 8 та қотиллик (ҳужум қурбонлари сони бўйича), 12 та ўлдиришга уриниш (жабрланганлар сони), ИШИДга кўмак, зўравонлик ва транспорт воситасини шикастлашда айбланмоқда.

Айбловнинг икки моддаси бўйича Соипов умрбод қамоқ ёки ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.