Ўзбек олими халқаро кутубхоначилар уюшмасига раҳбар этиб сайланди

Индиана университети тадқиқотчиси, кутубхоначиси Акром Ҳабибуллоев Яқин Шарқ кутубхоначилари асоциациясига раҳбар этиб тайинланди. У бунгача Индиана университети Ҳерман Вельс кутубхонасида Яқин Шарқ, Марказий Евроосиё ва Ислом тадқиқотларига ихтисослашган эди.

“Уюшма 45 йил бурун ташкил қилинган, ташкилотда ҳаммаси жойида, ҳеч қанақа муаммо йўқ, У қандай ишлаган бўлса, шу йўсинда ишни давом эттириш, менимча, тузук”, дейди Ҳабибуллоев.

Мазкур халқаро уюшма Яқин Шарқ кутубхоначилари ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш, тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва Яқин Шарқ кутубхоналари материалларини етказиб бериш билан шуғулланади. Ҳабибуллоев эса ташкилот раҳбари сифатида уюшманинг йиллик конференциясига ҳозирлик кўриш ҳамда ташкилотнинг бир йиллик фаолиятини бошқариши керак бўлади.

У 2016 йилда уюшма вице-президенти этиб сайланган эди. Бу эса унга 2017-2018 йилларда уюшма президенти этиб сайланишга йўл очди.

Ҳабибуллоевнинг ҳамкасби Дэвид Ҳиршнинг айтишича, бу йил уюшма аъзолари учрашувни юқори даражада ўтказишди. Уюшмага бугунги кунда АҚШ, Канада, араб мамлакатларидан 130 дан ортиқ аъзолар бор. Ташкилотда Яқин Шарқ кутубхоначилари ва шарқ кутубхона материалларига қизиққан барча профессионаллар учун очиқ ҳисобланади. Ҳабибуллоевнинг ўзи уюшмага 2002 йилда аъзо бўлган.

Акрам Ҳабибуллоев Қозоғистонда таваллуд топган, кейинчалик Ўзбекистонга кўчиб ўтади ва академик лицейни тамомлаб, 2001 йилда АҚШга иммиграция қилади.

“Мен ўзим Марказий Евроосиёданман, аммо Яқин Шарқ бўйича тадқиқот олиб бораётганим учун ушбу уюшмада фаолиятимдан жудаям хурсандман”, дейди Акрам.