АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига ёрдам кўрсатади

Жорий йилнинг 14 декабр куни Ташқи савдо вазирлигида Марказий Осиё ва Жанубий Осиё бўйича савдо вакили ёрдамчиси М.Линскотт билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Америка томони 2017 йилнинг 12 декабр куни Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва АҚШ давлатлари ўртасида савдо ва инвестиция бўйича келишув Кенгаши доирасидаги йиғилиш (ТИФА)га юқори баҳо бердилар.

Хабарда айтилишича, учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон Республикасининг Бутун жаҳон савдо ташкилотига киришига оид масалалар муҳокама қилинган. Бундан ташқари, Ўзбекистон АҚШнинг тариф преференцияси умум тизими ва интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоялаш бўйича аъзолигига тегишли масалаларни атрофлича кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бутунжаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига техник ёрдам кўрсатиш бўйича келишувларга эришилди. Ушбу масалаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ходимлари ва АҚШнинг савдо ваколатхонаси офиси билан доимий алоқа ўрнатилишига келишиб олинди.

Бундан аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига Давлат ташрифи мобайнида ташриф доирасида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қабул қилинишида, хусусан, мазкур ташкилотга аъзо бўлишнинг натижасини баҳолаш, миллий қонунчиликнинг Жаҳон савдо ташкилоти келишувлари талабларига мослиги экспертизаси ҳамда техник, консультатив ва манфаатдор вазирлик ва ташкилотларга мутахассислар кўмагини бериш йўллари орқали Корея Республикасининг қўллаб-қувватлаши бўйича меморандум ва Йўл харитаси имзоланган эди.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи, Хитой ҳам бу борада Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашини маълум қилган эди.