Шавкат Мирзиёев: “Бечораларнинг ҳам Худодан умиди бор, не умидлар билан боламни боқаман, отамга пул олиб келаман деб ёш-ёш йигитлар кетяпти”

Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга ташрифи доирасида Ҳаким Термизий мақбарасига зиёрат чоғида Қозоғистоннинг Оқтўба вилоятида автобус ёнғинида ҳалок бўлган 52 ўзбекистонликнинг ўлимидан чуқур қайғуда эканини айтиб, уларнинг яқинларига таъзия билдирди.

“Мана кеча бўлган фалокатлар ҳам кўп нарсадан, жумладан халқимизнинг олдида қарзимиз жуда-жуда кўплигидан далолат беради. Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун улар бегона юртларга бориб, иш қидириб юрибди. Бу давлат раҳбарияти, ҳамма тизимдаги раҳбарлар энг катта хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф қилмаганидан далолат”, деди Президент.

Давлат раҳбарининг айтишича, «Бегона юртларда сарсон-саргардон юриш» деган гап бекорга эмас. У бечораларнинг ҳам Худодан умиди бор, не умидлар билан боламни боқаман, отамга пул олиб келаман деб ёш-ёш йигитлар кетяпти. Ёш-ёш йигитлар… Ҳаммаси ўзбекистонликлар. “Албатта, биз жуда катта қайғудамиз… Ота-оналарига ҳамдардлик”, деди у.