Ўзбекистонда 54 та йўл-патруль ва блок постлари тугатилди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармасидан маълум қилинишича, Ички ишлар вазирлигининг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари мутахассисларидан иборат гуруҳлар томонидан мунтазам йўл-патруль хизмати масканлари ва блок постларининг фаолияти ўрганилиб, шу кунга қадар автомобиль йўлларида жойлашган жами 54 та бундай постларнинг фаолияти тугатилди. Шулардан, 21 тасини мунтазам йўл-патруль хизмати масканлари, 14 тасини блок постлар ва 19 тасини тўсиқ постлари ташкил этган эди. Қолган постларнинг ҳам фаолияти танқидий қайта кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг маълум қилишича, мамлакат ҳудудида 133 та ана шундай пост бор. Шундан 60 та йўл-патруль хизмати маскани ва 73 та патруль-пост хизмати стационар маскани жойлашган. Мана шу жами 133 постдан 66 тасини тугатиш тўғрисида хулосалар тайёрланди ва бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида ҳозирги вақтда вилоятлар ўртасида йўл-патрул постларининг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган эди.

“Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 60 дан зиёд бундай постлар мавжуд. Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинада келмоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади. Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади. Шу муносабат билан вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патрул постларини тугатиш, патрул хизмати стационар постлари сонини кескин камайтириш лозим”, деган эди.

SHARE