Америкадаги ватандошимиз Бобур Оқилхонов: «АҚШ инвесторлари Ўзбекистон билан жиддий қизиқишаяпти!»

Хabar.uz сайтида Америкадаги ўзбекистонлик тадбиркор, Plov.com» инвестори, «BlockCrunch.com», «Missed.com», «Therealstart.com» лойиҳалари асосчиси, бир нечта йирик компанияларнинг АКТ бўйича маслаҳатчиси билан суҳбат эълон қилинди. Уни тўлалигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

Қисқача маълумот:

Бу галги суҳбатдошим — АКТ бўйича дунёдаги энг етакчи мутахассислардан бири, айни пайтда Америка Қўшма Штатларида фаолият олиб борувчи Бобур Оқилхонов. У 1983 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 17-ўрта мактаб ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги халқаро мактабда таҳсил олган. 2000 йили таълим олиш учун Австралияга борган ва ахборот технологиялари коллежида ўқиган. 2004 йили Сиднейдаги Чарлз Стёрт университети (Charles Sturt University)ни тамомлаган. У — «Plov.com» инвестори, «BlockCrunch.com», «Missed.com», «Therealstart.com» лойиҳалари асосчиси. Бир нечта йирик компанияларнинг АКТ бўйича маслаҳатчиси. Оилали, 2 нафар фарзанди бор.

Шахсий веб-сайти www.bobir.com

Бобур Оқилхонов оиласи билан.
Фото: «Xabar.uz»

Дипломат бўлишни орзу қилганман

Сиз IT технологиялар соҳасидаги ютуқларингиз билан ўзбекистонликлар, айниқса шу йўналишда ўқиётган, ишлаётганлар орасида анча машҳурсиз. Болалигингизда ҳам шу касбни орзу қилганмисиз?

Йўқ, мен дипломат бўлишни орзу қилганман. Ота-онам ҳам дипломат бўлишимга ишонишарди. 8-9-синфларда ўқиб юрган пайтим компьютерга жуда қизиқиб қолдим. Уйимизда интернетга уланган компьютер бор эди. Кўпчилик яхши эсласа керак, ўша пайтлари интернетнинг тезлиги жуда паст эди, ҳатто битта браузерни очиш учун бир неча дақиқа сарфлардим. Лекин бу мени мақсадимдан қайтара олмади. Мана 17 йилдирки, информацион технологиялар соҳасидаман. Шу соҳада ўқидим ва ишлаб келмоқдаман.

21 ёшимда Австралияда ижтимоий тармоқ яратганман

17 йил оз муддат эмас. Инсон бу даврда танлаган касбининг паст-баланди, иссиқ-совуғини кўришга улгуради.

Ҳа, бугунгача умримнинг тенг ярми ахборот технологиялари соҳасида ўтди. Жиддий лойиҳаларни Австралияда бўлган пайтимдаёқ бошлагандим. Бир нечта стартапни дадиллик билан ҳаётга татбиқ эта олдим. 2005 йилда «Facebook»ка ўхшаган ижтимоий тармоқ ишлаб чиқдим ва 1 миллион доллар инвестиция жалб эта олдим. Ўша пайтда 21 ёшда эдим ва бу ютуғимни фахр билан тилга оламан. 2006 йилда Австралиядаги журналлардан бирида «Ёш ўзбек тадбиркори ижтимоий тармоқ яратди!» деб бутун бошли саҳифани менга бағишлашган.

Амалга оширган лойиҳаларим кўп, баъзан сиз кутган натижа бўлмаслиги мумкин. Мени тинчлантирадиган куч – ўзимга ишонч. Инсон ўз ишига ишонмаса, натижага эриша олмайди.

Сиз яратган ижтимоий тармоқнинг кейинги тақдири нима бўлди?

2007 йилда ёпишга тўғри келди. Чунки мен уни инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатда яратдим. Бундай давлатларда эса «Facebook» шиддат билан ривожланаётган эди. Менинг асосий хатом шунда бўлди. Агар ижтимоий тармоқни Россия ёки Хитойда яратганимда, лойиҳам 100 фоиз муваффақиятли бўлар эди.

Хатомни тушуниб, Россияда ижтимоий тармоқ очмоқчи бўлдим. У пайтда «Odnoklassniki» ҳали кичик компания эди, «VKontakte» энди иш бошлаётганди. Павел Дуров билан шахсан гаплашганман. Санкт-Петербургдаги музокарамизда инвестор сифатида маблағ киритишим эвазига компаниянинг 20 фоизлик улушини таклиф қилганди. Ўша пайтда бу улуш 100 минг АҚШ долларига баҳоланган эди. Навбатдаги хатомиз шу ерда бўлдики, инвестиция киритиш эвазига 51 фоиз акцияни сўрадик. Шу сабабли музокара охирига етмай қолди.

Таъкидлаш жоизки, «Vkontakte»га видео қўшишни мен таклиф қилганман. Чунки ўша пайтда ижтимоий тармоқ бўйича менинг яхшигина тажрибам бор эди.

Америкага қайтиб келишимни билардим

Австралияда ютуқларга эришаётган ёш иқтидорни Америкага нима чорлади?

АҚШга биринчи марта 1997 йилда бувим билан турист бўлиб келганмиз. Поччам ва аммам шу ерда яшашарди. Ўша пайт менга бу улкан мамлакат ёқиб қолди. Америкага албатта қайтиб келаман деб астойдил ният қилган эдим. Қайтдим, фақат 2016 йилда. Унгача Австралияда 10 йил (2000—2010-йилларда), Россияда 6 йил (2010—2016-йилларда) яшаб, ўқиб ишладим. 2013 йилдан бошлаб ҳар уч-олти ойда АҚШга форум ва саммитларда иштирок этиш учун келардим. 2016 йилда бутунлай кўчиб келдим.

Америкада бизнес очишга қийналмадингизми? Рақобат муҳити қандай?

Йўқ, бу нарса қийинчилик туғдирмади. Австралияда ҳам қарийб шундай эди. АҚШда бизнес қилиш жуда осон, давлат рўйхатидан ўтиш, бухгалтерия, ҳисоб-рақам очишга кунлар эмас, соатлар кетади.

Бироқ бу ерда ҳақиқий рақобатни кўрасиз. Бошқалардан ўзиб кетиш учун ҳар куни янгилик излаб топишга, инновациялар киритишга мажбурсиз. Ҳеч ким сизга ўз ўрнини осонликча бўшатиб бермайди.

Натижалар қандай?

Ҳа, Америкада ҳам режамдаги натижаларга эришаяпман дея оламан. Менинг асосий ишим интернет соҳасида бизнесни тузиш, IT компанияларга консалтинг хизматини кўрсатиш ва IT лойиҳаларга инвесторлик қилиш. Бугунги кунда 3 та мамлакатда ходимларим бор — Ўзбекистон, Россия ва Исроилда дастурчилар, маҳсулот яратувчилар ва дизайнерлар ишлаб келишмоқда. Турли даражадаги компанияларга IT бўйича маслаҳат берамиз, зарурий дастурларни яратамиз.

Кенг миқёсда ҳамкорлик йўлга қўйилган. Дунёга машҳур «Discovery» каналида ўз шоусига эга Питер Нилсонга IT ҳамкорман. Бундан ташқари  MoMA музейи раҳбарларидан бири — Женни Парк Адамс (Jenny Park Adams)нинг  Artdex.com деган лойиҳасида Директорлар кенгаши аъзосиман, технология бўйича.

Ҳамкорларим билан яқинда АҚШда глобал форум қилдик, жаҳоннинг энг машҳур инсонлари, йирик сармоядорлар, конгрессменлар ва нуфузли шахслар, жами беш минг одам қатнашди. Масалан, шу куни форумда «Virgin Atlantic» компанияси соҳиби, миллиардер Ричард Бренсон (Sir. Richard Branson), «Forbes» журнали хўжайини Стив Форбс (Steve Forbes), Гарри Веннерчук (Gary Vaynerchuk), Саймон Синек (Simon Sinek), Гай Кавасаки (Guy Kawasaki) каби инсонларни кўриш мумкин эди.

Блокчейн (blockchain) – янги дунё саноати

 Ҳозир бутун дунёда блокчейн ва криптовалюталар бўйича бир-бирига қарама-қарши фикрлар янграмоқда. Мутахассис сифати сизнинг фикрингиз қандай?

Криптовалюта қолади деб ўйлайман. Лекин кўплаб валюталар йўқ бўлиб кетади. Ҳозир дунёда жуда кўп, норасмий маълумотларга кўра, 3000 дан ортиқ валюта бор. Давлатлар валютани тартибга тушириб олади. Блокчейн технологияси 100 фоиз қолади. Дунёнинг энг етакчи мутахассислари айни пайтда шу билан шуғулланмоқда.

Сиз ҳам шу йўналишда иш олиб борасизми?

Албатта. Ҳеч иккиланмай айтишим мумкинки, биз блокчейн саноатида ишлаётган энг етакчи компаниялар билан рақобатлаша оламиз. «BlockCrunch.com» деган лойиҳам бор, у блокчейн ва биткоинлар бўйича энг кучли янгиликлар агрегатори ҳисобланади.

Бундан ташқари Бирлашган Миллатлар Ташкилотига блокчейн бўйича маслаҳат хизматини кўрсатамиз. Davis форумининг ташкилотчилари билан жуда яхши алоқадамиз. Яқинда Хитойнинг IHT компанияси билан iCO (initial coin offering) қилиш бўйича шартнома имзоладик. Бу дегани криптовалюта орқали пул кўтариш хизмати. Бугунги кунгача 29 миллион доллар кўтарилди, яна 30 миллион кўтариш режада бор.

Яқинда йирик корпорациялардан бирининг Директорлар кенгаши маслаҳатчиси бўлиш таклифини олдим, шу кунларда ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Хуллас, АҚШда тинимсиз ҳаракатдамиз. Ҳамкорлар билан биргаликда 2018 йил октябр-ноябр ойларида дунёдаги энг катта блокчейн форумини ўтказиш ниятидамиз.

Ўзбекистондаги ўзгаришлардан жуда хурсандмиз

Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга бориб, ватандошларимиз билан учрашганда сиз ҳам қатнашдингизми? Парламентга мурожаатномаси билан танишдингизми? Бу ҳақда фикрингиз қандай?  Президент таъкидлаган муаммоларни ҳал қилиш бўйича қандай таклифларингиз бор?

Бобур Оқилхонов АҚШда Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашган ўзбекистонликлар сафида.
Фото: «Xabar.uz»

Президентимиз АҚШга келганида бизнес форумга ҳам, қабул маросимига ҳам бордим. Мурожаатноманиям кўрдим. Шахсан мен жуда хурсандман. Биз узоқ кутган ўзгаришлар рўй бермоқда. Айниқса, жорий йилнинг «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилингани мени қувонтирди.

Президент айтган ҳар бир вазифани бажариш мумкин. Бунга вақт ва меҳнат керак. Тўғри, қийин бўлади. Лекин имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Агар тинимсиз ҳаракат қилинса, беш йилларда бу натижасини бермай қолмайди. Биз қўлимиздан келган хизматни қилишга, ёрдам беришга тайёрмиз. Бу биргина менинг гапим эмас, хорижда юрган барча ватандошларимизнинг якдил фикри. Ўзбекистонда менинг дастурчилар, дизайнерлар, сайт яратувчиларидан тузилган жамоам бор. Шу пайтгача хориж учун ишлаб келишаётган эди. Ҳозир Мирзо Улуғбек инновацион марказига резидент бўлиш арафасидамиз. Кўпчиликнинг хабари бўлса керак, IT технологиялар бўйича фаолият юритаётган компаниялар инновацион марказ қошида бирлашмоқда, ҳукумат томонидан жуда катта имтиёзлар берилган.

Ўзбекистоннинг ташқи имижини ўзгартириш керак

Ўзбекистонга хорижий сармоядорларни кўпроқ жалб этиш учун нималарга эътибор бериш керак?

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг имижини ўзгартириш зарур. Айнан хориждаги имижини. Бутун дунё юртимизга ишониши керак. Шу йилнинг март-апрель ойларида танишим Америкадан 10-15 нафар инвесторни Ўзбекистонга олиб бормоқчи. Жудаям жиддий делегация, асосан инвестиция киритадиган фондлар вакиллари. Делегация таркибидаги инсонлар мендан борайлик ёки йўқми деб сўрашди. Ватанимизда филиаллар очмоқчи, бизнес юритмоқчи. Бизга Ўзбекистон ўзгарди, олдингидай кафолатланмаган шароит эмас дейишди, ростан ҳам ўзгардими деб суриштиришаяпти.

Биз уларни дадил ишонтиришимиз керак, бугунги Ўзбекистон — мутлақо янги давлат! Биз ўзгаришни, юртимизни ривожлантиришни хоҳлаймиз. Хориждагилар билиши шарт, Ўзбекистонда қонунни бузмай ишласа, асло муаммо бўлмайди. Агар инвесторларни ишонтиришни уддалай олсак, жуда катта маблағ оқиб келади. Бунинг орқасидан ишчи ўринлари яратилади.

Ўзгартириш учун эса аввал инновацион технологияни ривожлантириш зарур. Бу борада давлат масъулиятни зиммасига олмаса бўлмайди. Ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш лозим. Ривожланиш кичик деталлардан бошланади. Одамларга қулайлик яратиш, турнақатор навбатлар, қоғозбозликдан қутқариш керак. Солиқни ҳисоблаш ҳам, тўлаш ҳам осон бўлиши шарт. Компанияни очиш ва ёпишга ҳам одамлар қийналмаслиги керак. Бизда очиш осон, ёпиш эса азоб. Эсимда бор, ўзим бир марта компаниямни ёпиш пайти жуда кўп югурганман. Барча тизимни соддалаштирмасдан ривожланиб бўлмайди.

Биз учун намуна бўла оладиган давлатлар кўп. Мана Сингапур, Гонконг. Бизда потенциал жуда кучли, ундан унумли фойдаланмасак бўлмайди.

Хориждаги ўзбек бизнесменлари қачон ўз ватанида ҳам тадбиркорлик билан шуғулланишади?

Чет элда юрган ҳар бир ўзбек бизнесмени ўз юрти учун албатта нимадир қилгиси келади. Туғилиб ўсган маҳалласи, шаҳри, вилоятига нафи тегишини орзу қилади. Ахир болалигимизда ҳаммамиз ҳам шуни орзу қилмаганмизми?

 

Ривожланган давлатларда бизнес билан муваффақиятли шуғулланаётган ватандошларимиз албатта Ўзбекистонда ҳам иш очади. Лекин бунинг учун шароит қилиш керак. Худди ўша давлатлардагидай тизимлар, соддалаштирилган иш юритиш қоидалари ва ҳоказо.

Тушлик учун бозордан оладиган сомса ва колани кўп эслайман

Оилангиз ҳақида ҳам гаплашсак…

Мен Тошкент шаҳридаги Ракат маҳалласида туғилиб ўсганман. Ҳақиқий ўзбекона тарбия олганман деб айта оламан. Каттагина ва аҳил-иноқ оиламиз бор. Бобом узоқ йиллар «Ўзбекэлектркабельсавдо» ташкилотида бош директор бўлган. Отам тадбиркор, хорижда ўқитишга асосланган, Россия, Қозоғистон, Чехия ва Англияда филиаллари бор «Global Study» компаниясини бошқаради. Онам ҳам отам билан бирга фаолият юритади. Она тарафдан ҳам, ота тарафдан ҳам бувиларим бор, 80 га яқинлашиб қолишди. Кичкина аммам Лондонда яшайди. Синглим турмушга чиққан. Асосан Москвада, айрим ҳолларда Францияда яшайди. Қолган барча қариндош-уруғларим Ўзбекистонда.

Ўзбекистонни соғинасизми?

Албатта. Энг яқин ўртоқларим Тошкентда. Ҳар доим оилам, ота-онамни, дўстларимни соғинаман. Кўчалар, миллий таомларимизни соғинаман. Ватан деса кўз олдимга март-апрель ойларида оқлаб қўйилган дарахтлар, мактабга бориб-келган йўлларим кўз олдимга келади. Тушлик пайти бозордан сомса ва битта кола олардик. Ўша таъмни жуда кўп эслайман.

Туғилиб ўсган юртингизга қайтсангиз, нима билан машғул бўласиз?

Ўзбекистонга келсам, албатта ўз соҳамда ишлайман. Ахборот коммуникация технологиялари билан шуғулланаман. Тажрибам катта, инвестиция жалб қила оламан. Бор куч-қувватимни янада ривожланиш учун сарфлайман.

Энг зўр инвестиция – билим!

Юқорида ҳам айтиб ўтдим, Ўзбекистонда издошларингиз жуда кўп. Улар орасида мустақил ҳаётга дадил қадам қўйганлари билан бирга иккиланаётганлари ҳам бор…

Уларга қарата қўрқманглар, иккиланманглар дейман. Ишлаш керак. Бу дунёда ҳеч нарса осон бўлмайди. Очиғини айтсам, мен ҳаётимда 6-7 марта жуда катта муваффақиятсизликка учраганман. Муваффақиятга эришган лойиҳаларимдан кўра омадсизликка юз тутганлари кўпроқ. Лекин хатолар инсонни кучли бўлишга ўргатади, қимматли тажриба беради. Ҳамиша олдинга юриш керак. Энг зўр инвестиция — билим. Энг катта тажриба — амалиёт. Фақат орзу қилиб юриш керак эмас, ҳаракат қилиш керак. Менга кўпчилик лойиҳа беради, ўтириб муҳокама қиламиз. Қилгин дейман. Лойиҳаларнинг 80-90 фоизи омадсиз бўлади. Фақат 10 фоизи муваффақиятли чиқади. Сен шу 10 фоиз ичида бўл, лекин ютқазсанг ҳам хафа бўлма, тажрибанг ошади дейман.

Ўзбекистон ёшларига айтар гапим, билимга инвестиция қилиш керак. Вақт кам, тезроқ бошламаса улгурмай қолиши мумкин. Мактабни битиргандан бошлаб ишланг. Ўқиш пайтида ҳам параллел ишланг. Беҳуда гап-сўзларга, писта чақиб кўча айланишга, чойхоналарда ўтиришга вақтингизни сарфламанг. 30-35 ёшдан кейин мустақил иш бошлаш қийин бўлади, хатоларга кўникма бўлмайди.

Ҳар бир соҳада АКТ бор, ундан унумли фойдаланиш керак

Ўзбекистонда ахборот коммуникация технологиялари бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Бу жараённинг самарасини ошириш учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?

Модернизация ҳар бир соҳада бўлиши зарур. Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, барча-барча соҳада АКТ бор. Ундан унумли фойдаланиш керак. Ривожланган давлатлар бугунги даражасига етиб келиш учун босқичма-босқич турли технологиялардан фойдаланган. Бизда эса бирдан янги тизимга ўтиш имкони бор.

Фикрим тушунарли бўлиши учун бир мисол келтирсам. Москвада машина тўхташ жойлари муаммо эди. Алоҳида жой бўлмагани сабабли исталган жойга машина ташлаб кетиларди. Лекин Москва бирдан янги тизимга ўтди ва дунёдаги энг яхшилардан бирига айланди. Нью-Йоркда ҳайдовчилар тўхташ жойи учун ҳалиям танга ёки картадан фойдаланаётган бир пайтда, Москвада телефон орқали тўлай оласиз.

Барча соҳани модернизация қилиш учун кучли мутахассисларни жалб қилиш керак. Агар менга айтилса, жон деб ёрдам бераман. Танишларим кўп, зарур ҳолатларда инвесторларим ҳам бор. Ўзбекистонда замонавий қулайликлар яратиш учун бор куч-қувватимни аямайман. Янги тизимларни жорий қилиш орқали бор-йўғи 4-5 йилда Ўзбекистонни бутунлай ўзгартириб юборса бўлади.

Дастурчилар, АКТ маҳсулотлари яратувчиларимиз кўп. Улар кўпайгани билан ишсиз қолмайди. Ўзимиз иш топиб берамиз, хорижий буюртмалар орқали Ўзбекистонга валюта олиб кирамиз.

Сўнгсўз ўрнида…

Мен мана шу юртнинг бир фарзанди сифатида Ўзбекистонга қўлимдан келгунча ёрдам бермоқчиман. 17 йилдан буён хорижда юрибман. Австралия, Россия, АҚШ… Англияга кўп бораман. Ривожланган давлатлар тажрибасини жуда яхши биламан. Инвестицион фондлар, йирик корпорациялар, катта компаниялар билан ишлаб келаяпман, ҳамкорлик қилаяпман. АКТ соҳасида ўзимга яраша ўрним ва имкониятларим бор.

Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлардан хурсандман. АҚШлик инвесторларнинг Ўзбекистонга жиддий қизиқаётгани мени қувонтирмоқда. Интервьюга таклиф қилганингиз учун раҳмат. 2018 йил март-апрель ойларида Ўзбекистонда бўламан. Насиб қилса, кўришамиз.

Сизга ҳам вақт ажратиб, саволларга батафсил жавоб берганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

Қобулжон Аҳмедов суҳбатлашди