Жаҳон банки Ўзбекистонда мева-сабзавотчиликни ривожлантиришга 500 млн доллар ажратди

Жаҳон банки директорлар кенгаши «Мева-сабзавотчилик секторини ривожлантириш. Қўшимча молиялаштириш» лойиҳасини тасдиқлади, деб ёзади UzDaily.

Лойиҳа маҳаллий сабзавот ва меваларнинг ички ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятини кенгайтиради, шунингдек, Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик сектори маҳсулдорлигини оширади. Шу мақсадлар учун Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (Жаҳон банки гуруҳига киради) 500 миллион доллар ҳажмида қарз ажратди.

150 миллион долларлик «Мева-сабзавотчилик секторини ривожлантириш» дастлабки лойиҳаси 2014 йилда тасдиқланган ва Ўзбекистонда ушбу секторни ривожлантириш учун тўсиқларни бартараф этишга қаратилган эди. Жорий лойиҳа эса унинг муваффақиятларига асосланади. 2017 йилнинг охири ҳолатига кўра, бутун мамлакат бўйлаб фермерлар, хусусий корхоналар, агрофирмалар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича корхоналар лойиҳада иштирок этувчи банклардан мева-сабзавотчилик соҳасидаги бизнесни ривожлантириш учун 223 та кредит олган.

Жорий лойиҳа бутун Ўзбекистон бўйлаб фермерлар ва агрофирмалар учун молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини яхшилайди. Кредитлар ҳисобидан улар уруғ ва кўчатлар, сувни тежовчи технологияларни харид қилади, омборхона ва иссиқхоналар қуради, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш учун ускуналар сотиб олади.