Ўзбекистонда медиация институти яратилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Медиация тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизда низоларни мустақил шахслар – медиаторлар иштирокида бартараф этишнинг муқобил усулларини ривожлантириш ҳамда судлар зиммасидаги юкни енгиллаштириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Депутатлар фикрича, мамлакатимизда маҳалла оқсоқоллари азал-азалдан қўшнилар, оила аъзолари, эр-хотин ва ҳоказолар ўртасидаги можароларни ҳал этиш вазифасини бажариб келган.

Бундай амалиёт Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганидан сўнг ҳуқуқий асосга эга бўлди. Ушбу қарор фуқароларнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган ярашув комиссияларининг фаолиятини тартибга солди. Бунда мазкур тартиб-таомиллар “медиация” атамаси билан номланмайди. Медиация деганда можарони холис, адолатли, ушбу можародан манфаатдор бўлмаган учинчи томон – медиатор иштирокида ҳал этишнинг муқобил шакли тушунилади.

Медиатор томонларга низо юзасидан муайян битим тузишга ёрдам беради. Медиацияда томонлар низони бартараф этишга ҳамда уни ҳал этиш шарт-шароитларига доир қарор қабул қилиш жараёнини тўлиқ назорат қила оладилар.

Низоларни ҳал этишда медиацияни қўллаш вақтни тежаш ва низолашувчи томонларнинг – фуқаролар, ташкилотларнинг, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг суд харажатларини қисқартириш имконини беради. Улар ўзлари ўртасида юзага келган низоларни судгача олиб бормасдан, адвокатларни жалб этмасдан ва суд муҳокамаси билан боғлиқ давлат божи ва харажатларни тўламасдан ўзаро манфаатли шартлар асосида ўзлари учун қулай жой ва вақтда тез ҳамда арзон ҳал этиш имкониятига эга бўладилар. Шундай қилиб, томонларда юзага келган низони тез ҳал қилиш имконияти пайдо бўлади.