Ўзбекистонда прописка важи билан ишга қабул қилмаслик амалиётига барҳам берилади

Вақтинча ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилади. Бу 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида белгиланган.

Меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини бекор қилинади.

Вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик, яшашга йўл қўйганлик учун маъмурий жазо чоралари енгиллаштирилади.

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан фуқароларни, худди шунингдек вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилиш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

SHARE