Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискасиз иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олиш мумкин бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили” Давлат дастури қабул қилинди. Унга кўра эндиликда Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловлар бекор қилинади.

Шунингдек, 2018 йилда Ўзбекистонда мавсумий ишларга (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда) жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизими соддалаштирилади, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талаби бекор қилинади.

Тошкент шаҳри ва вилоятида иш берувчилар ходимдан доимий ёки вақтинчалик прописка талаб қилмайди, бунинг учун жавобгар бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, Давлат дастури 231 банддан иборат бўлиб, унга кўра 37 та қонун қабул қилиниши белгиланган.