Тангем Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги туризм элчиси бўлади

    Жанубий кореялик таниқли актриса, ўзбекистонликларга «Сарой жавоҳири» сериалидаги Тангем роли билан танилган Ли Ёнг Э Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги туризм элчиси бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Виталий Фен маълум қилди.

    Daryo.uz сайтининг Туризм қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовга таяниб ёзишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан чет мамлакатларда Ўзбекистоннинг туризм элчиси — Tourism Brand Ambassador of Uzbekistan лавозими жорий этилмоқда. Бу лавозимга чет эллик машҳур сиёсий, маданий, спорт ва ишбилармон доиралари вакиллари тайинланади.

    “Битта мисол келтиришимиз мумкин. Юртбошимиз Жанубий Кореяда ташриф билан бўлганларида, «Сарой жавоҳири» сериалининг машҳур юлдузи (Тангем) билан учрашган эди. Биз у билан музокараларни якунладик. У Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги туризм элчиси сифатида фаолият олиб боришига келишиб олдик”, деди Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Азиз Абдуҳакимов.

    Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Виталий Феннинг таъкидлашича, туризм элчилари Ўзбекистонга ташриф буюраётган чет эллик сайёҳлар сонини оширишга катта ёрдам беради.  “Тангемни Ўзбекистонда ҳамма кўрган, халқ уни яхши кўради. Сериалда бош ролни ижро этган актриса жуда машҳур. Биз уни туризм элчиси қилиб тайинлаяпмиз. У Кореяда Ўзбекистонга саёҳатларни тарғиб этиш билан шуғулланади. Биз шу туризм элчиси кўмагида мамлакатимизга Жанубий Кореядан келадиган сайёҳлар сонини камида 10 фоизга кўпайтирамиз. Умуман, Корея билан туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириб, туристлар сонини уч баробар кўпайтирамиз”, деди элчи.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил ноябрида Жанубий Кореяга ташрифи давомида «Сарой жавоҳири» сериалида бош ролни ижро этган актриса Ли Ёнг Э билан учрашган эди.