USAID Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнига ёрдам беради

АҚШнинг халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID) Ўзбекистон ташқи савдо вазирлиги ва корпоратив бошқарув бўйича илмий-таълимий марказ билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳукумати, хусусий сектор ва халқаро ҳамжамият вакиллари учун ЖСТ жараёнларига ўқитиш бўйича бир қатор семинарлар ўтказди. Бу ҳақда USAID’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Семинарларда ЖСТ масалалари ҳамда Марказий Осиё ва бутун дунё бўйича савдо масалалари бўйича катта иш тажрибасига эга халқаро экспертлар спикер сифатида иш юритди», — дейилади хабарда.

24 январь куни иштирокчиларни ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига ўргатиш ва нотўғри тушунчаларни изоҳлаш мақсадида семинар ўтказилди. Унда турли давлат органларнинг 50 дан зиёд вакили иштирок этди.

Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) мамлакатлар ўртасидаги савдо қоидалари билан шуғулланувчи ягона глобал халқаро ташкилот ҳисобланади. ЖСТга аъзолик рақобатбардошликни оширишга, савдо ҳажмини оширишга ва бунда бутун дунёда қоида ҳамда таомилларнинг изчиллик билан қўлланилишига кўмаклашади.