Абдулла Арипов блокчейнларни ёқлаб гапирди

Ўзбекистон делегацияси Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтаётган «Глобализация даврида рақамли кун тартиби» форумида қатнашмоқда, деб ёзади «Spot.uz». Унда МДҲ мамлакатлари иқтисодиётини рақамлаштиришни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинмоқда.

Форумда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов таъкидлаганидек, МДҲ мамлакатларининг иқтисодий ривожланиши ва жаҳон майдонидаги рақобатбардошлилигининг ошиши кўп жиҳатдан рақамли иқтисодиётни самарали тарзда шакллантириш ва ривожлантиришга боғлиқ бўлади.

Унинг сўзларига кўра, рақамли иқтисодиёт турли мамлакатларда турлича йўллар ва суръатлар билан ривожланади, бу табиий жараён. Шу билан бирга, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг барча моделлари учун умумий хусусиятларни ажратиб кўрсатиш мумкин. Бу инновацияларни ривожлантириш учун қулай шароитларнинг борлиги, мавжуд инвестициялар ҳажмидир.

«Анъанавий молия институтлари ва молиявий технологиялар соҳасидаги инновацион компаниялар ўртасида биргаликдаги интеграциялашган шериклик майдонини яратиш зарур деб ҳисоблаймиз. Бундай ҳамкорлик мамлакатларимиз молия бозорларига рақамли инновацион маҳсулотларни биргаликда киритишни ташкиллаштириш, шунингдек, блокчейн, очиқ маълумотлар ва бошқалар каби технологиялардан фойдаланиш бўйича самарали ечимларни ишлаб чиқиш имконини беради», — деди Абдулла Арипов.

Блокчейн — бир-бири билан интернет орқали боғланган кўплаб компьютерларда бир вақтнинг ўзида сақланувчи маълумотлар базаси. Ҳозирда блокчейнлар асосан криптовалюта жўнатмалари учун фойдаланилмоқда. Бироқ у турли ташкилотларнинг турли мақсадлари учун ҳам фаол жорий этилмоқда.