«Тошкентдан Москвага 100 долларга учиш мумкин бўлади». Ўзбекистонда миллий лоукостер ташкил этилади

Миллий лоукостернинг ташкил этилиши халқаро авиаташувлар нархини сезиларли пасайтириш имконини беради. Бу ҳақда, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси раиси биринчи ўринбосари Умид Ҳусановга асосланиб, Spot хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда нарх-наво ҳақида аниқ бир нарса дейиш қийин — барчаси иккинчи томон (самолётлар парвоз қиладиган аэропортлар) қандай шартлар қўйишига боғлиқ.

Шунга қарамай, масалан, Тошкентдан Москвага парвоз нархи тахминан 100 доллар атрофида бўлишини ҳозирдан айтиш мумкин (ҳозирги вақтда «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг «Тошкент—Москва» йўналишидаги рейсларига чипта нархи, санасига қараб, 300—350 доллардан бошланади).

Бундан ташқари, бошқа лоукостерларда бўлгани сингари, миллий лоукостерда ҳам нарх самолёт қайси аэропортга учиши, бортдаги хизматлар тўплами ва бошқа омиллардан келиб чиқиб шакллантирилади.

«Лоукостерлар асосан сайёҳлик йўналишлари учун ишлайди, бизда ҳам шундай бўлади», — деди Умид Ҳусанов.

Унинг қўшимча қилишича, катта эҳтимол билан, миллий лоукостернинг асосий йўналишлари, биринчи галда, Туркия, Миср ва Россия бўлади. Лоукостер ички йўналишлар бўйлаб ҳам парвоз қилади.

Лоукостерни ташкил этиш бўйича ишларни 2018 йил охиригача якунлаш режалаштирилган.

Маълум бўлишича, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Россиянинг «Аэрофлот» ва унинг «Победа» лоукостеридан мўлжал олиб, лоукостерларни ташкил этиш бўйича халқаро тажрибани ўрганмоқда.